"Hello Magyar": Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги юқори иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар
Июль 06, 2025. 12:57 • 2 дақ
• 43
БУДАПЕШТ, 6 июль. /"Дунё" АА/. Венгриянинг оммабоп "Hello Magyar" онлайн нашрида "Ўзбекистон – Озарбайжон: истиқболли стратегик шериклик ва иттифоқ" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада 2-4 июль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга буюрган давлат ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги иштироки таҳлил қилинган.
"Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган. Ўшандан буён икки томонлама мулоқот ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида изчил ривожланиб келмоқда. 2022 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ҳамда 2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома каби тарихий ҳужжатларнинг имзоланиши икки томонлама алоқаларда мутлақо янги даврни бошлаб берди", – деб ёзган муаллиф.
Нашрда қайд этилганидек, икки давлат ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик очиқ ва конструктив мулоқот тамойилларига асосланади. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар, БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ИҲТ ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро платформалар доирасидаги фаол ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг кўплаб долзарб минтақавий ва глобал ривожланиш масалаларига нисбатан ягона позициясини мустаҳкамламоқда.
"Кун тартибидаги алоҳида эътибор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларга қаратиляпти. Ўзбекистон 1992 йил 28 ноябрда ИҲТга аъзо бўлган ва ўшандан буён бошқа аъзо давлатлар билан самарали ҳамкорликни олиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ИҲТнинг фаол аъзоси сифатида логистика коридорлари ва савдо-инвестиция платформаларини ривожлантириш, шунингдек, минтақанинг барқарор тараққиётини рағбатлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурганлигини таъкидлаш муҳимдир" – дея таъкидланган мақолада.
Бундан ташқари, материалда Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда сезиларли иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар эканлиги ва бу уларни савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция ҳамкорлигини чуқурлаштиришга интилаётган истиқболли иқтисодий шерикларга айлантириши алоҳида урғуланган.
"Бу йўлдаги муҳим қадам 2020 йилда Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилиши бўлди. Ушбу платформа ўзаро манфаатли янги инвестиция ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 250 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда", – дея қайд этилган "Hello Magyar" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди