Logo

"Nabd Al Hadas": ТХИФ Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этди

Июнь 26, 2025. 12:43 • 2 дақ

37
"Nabd Al Hadas": ТХИФ Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этди

АР-РИЁЗ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг оммабоп "Nabd Al Hadas" электрон нашрида "Тошкент халқаро инвестиция форуми – иқтисодий модернизация ва ҳамкорлик платформаси бўлди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда 10-12 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) якунлари ва мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилган.


Унда сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаол иқтисодий ислоҳотлар ва модернизация жараёнларининг изчил амалга оширилаётгани, хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар очилаётгани қайд этилган.


"Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ), бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида кузатилаётган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини намоён этувчи нуфузли халқаро майдон ҳамдир. Мазкур форум глобал инвесторлар учун Ўзбекистонда мавжуд бўлган салмоқли инвестиция имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини беради" – дея урғуланади мақолада.


Муаллиф ўқувчилар эътиборига форум доирасида рақамли трансформация, "яшил иқтисодиёт", энергетика, туризм ва таълим соҳаларида ўнлаб инновацион ғоялар тақдим этилгани ҳақидаги аниқ маълумотларни ҳам тақдим қилган. Уларнинг амалиётга жорий этилиши аҳоли учун ҳамёнбоп ва сифатли хизматлар, экологик тоза маҳсулотлар ҳамда янги инфратузилмаларни шакллантиришда муҳим омил бўлади, деб таъкидлаган у.


Мақола сўнгида "Форум мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этди. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни энди нафақат табиий ресурсларга эга давлат, балки қонуний кафолатлар, инсон капитали ва рақамли бошқарувга эга ҳудуд сифатида кўра бошлади", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш