"News Network Pakistan": Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви инвестицион ва саноат ҳамкорлиги учун янги имконият яратмоқда
Ноябрь 18, 2025. 21:23 • 3 дақ
• 202
ИСЛОМОБОД, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг оммабоп "News Network Pakistan" электрон нашрида "Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви: инвестицион ва саноат ҳамкорлиги учун янги имкониятлар" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари босқичма-босқич минтақа иқтисодиётини ривожлантириш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг асосий механизмига айланмоқда, – дейилган мақола аввалида. – Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси ва барқарор транспорт-логистика занжирларини ривожлантиришга қаратилган интеграцион жараёнларнинг фаол ташаббускори сифатида иштирок этмоқда. Бугунги кунда минтақа сиёсий диалогдан сармоя, инновация ва саноатлаштиришга асосланган амалий ҳамкорлик босқичига ўтмоқда".
Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳуқуқий база асосан эркин савдо, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки марталик солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларга асосланади. Ушбу ҳужжатлар тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар, қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва савдодаги тўсиқларни бартараф этишни таъминлайди. Марказий Осиё мамлакатлари билан тузилган ҳукуматлараро комиссиялар аниқ ечимлар ишлаб чиқишнинг самарали майдонларига айланган бўлса, бош вазирлар ва тегишли вазирларнинг мунтазам йиғилишлари янги лойиҳалар ишга туширилишига ҳамда саноат кооперациясининг модернизациясига хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи ҳамкори бўлиб қолмоқда. 2025 йил январь – сентябрь ойларида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,48 миллиард АҚШ долларига етди (+15,5%). Экспорт 1,06 миллиард, импорт эса 2,42 миллиард долларни ташкил этди. Савдо алоқаларида эркин савдо режими амал қилади, бу эса товар ва хизматлар ҳаракатининг фаоллигини таъминлайди.
Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик даражасига чиққани эътироф этилган. Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти тўқимачилик ва
озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси, қурилиш материаллари ҳамда машина ва ускуналарни ўз ичига олади.
Покистон электрон нашрининг ёзишича, Тожикистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Давлатлар ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим амал қилади,
савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия эса саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни мувофиқлаштирмоқда. 2025 йил январь – сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми 571,3 миллион долларга етди (+17,6%). Экспорт 406,3 миллион, импорт эса 165 миллион долларни ташкил этди.
Нашрда Ўзбекистон Туркманистон билан иқтисодий ҳамкорлик барқарор ривожланаётгани, саноат, энергетика ва логистика соҳаларида алоқалар кенгаяётганига эътибор қаратилган.
Марказий Осиё раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида бу тенденциялар алоҳида аҳамият касб этади. Асосий эътибор – барқарор ўсишни таъминлаш, "яшил" лойиҳаларни амалга ошириш ва минтақанинг технологик модернизациясини ривожлантиришга қаратилган. Саноат ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик минтақанинг мустақиллиги ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда.
"Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ишонч ва прагматизм асосидаги бирлашуви бутун минтақа учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратмоқда. Ўзбекистон эса қўшма тараққиёт ғоясини илгари сурувчи сифатида Марказий Осиёнинг янги саноат даврининг табиий интеграция марказига айланмоқда", – дея урғуланган "News Network Pakistan" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси