Logo

"Sahm News" нашри: Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида замонавий туристик инфратузилмани яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда

Июнь 25, 2025. 20:04 • 2 дақ

35
"Sahm News" нашри: Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида замонавий туристик инфратузилмани яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда

АР-РИЁЗ, 25 июнь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонинг оммабоп "Sahm News" нашрида "Ўзбекистон Президенти Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, туризм — бу нисбатан кам сармоя киритиб, кўплаб иш ўринлари яратадиган, аҳоли даромадларини оширишга ёрдам берадиган ва ҳудудларнинг қиёфасини ўзгартирадиган соҳадир. Қашқадарё вилояти эса бу соҳани ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга.

"Ўзбекистон Президентнинг 2023 йил 28 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида замонавий туристик инфратузилмани яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, етакчи хорижий мутахассислар ва компаниялар жалб қилинган ҳолда Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳларни қабул қилиш учун замонавий объектлар қурилмоқда. Умумий майдони 240 гектар бўлган ҳудудда 400 миллион доллар миқдоридаги 117 та лойиҳа амалга ошириляпти. Натижада 1 700 та доимий иш ўрни яратилиши кутилмоқда",– деб ёзилади мақолада.

"Sahm News" нашрида эълон қилинган мақола маълум қилинишича, "Miraki Spa and Resort" курорт зонасида иккита 600 ўринли меҳмонхона, 300 кишилик оилавий ҳостел ва савдо-кўнгилочар мажмуаси аллақачон фаолият юритмоқда. Бу эса йилига 300 мингдан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятини яратади, деб таъкидланган.

Мақола "Бундай шароитлар туфайли Қашқадарёга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошмоқда. Ўтган йили вилоят 2,5 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилган бўлиб, уларнинг деярли ярим миллиони айнан Шаҳрисабз туманига ташриф буюрган. Амалга оширилаётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, яқин фурсатда бу кўрсаткич бир неча баробар ўсиши прогноз қилинмоқда", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш