"Slovenia Times" газетаси: Ўзбекистон ва Словения стратегик кўп қиррали ҳамкорликнинг янги даврига киришга тайёр
Май 24, 2025. 13:20 • 3 дақ
• 52
ЛЮБЛЯНА, 24 май. "Дунё" АА/. "Slovenia Times" газетасида "Ўзбекистон Президентининг Словенияга тарихий ташрифи: Ўзбекистон ва Словения иқтисодий алоқалари ривожланмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон ва Словения ўртасида сўнгги йилларда тобора прагматик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган динамик, кўп қиррали муносабатлар шаклланди, – дейилган мақолада. – Жорий йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги нишонланмоқда".
Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо, сармоявий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот соҳаларида сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон, ўз навбатида, улкан саноат, қишлоқ хўжалиги ва инсон ресурсларига эга бўлиб, модернизация ва либераллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда, деб таъкидланади нашрда.
Бу мамлакатни Словения ва кенгроқ Европа минтақаси учун жуда истиқболли ва масъулиятли ҳамкор сифатида кўрсатади. Асосий салоҳиятли ўзаро манфаатли йўналишлар қаторига Словенияга ўзбек тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, чарм-атторлик маҳсулотлари, енгил саноат маҳсулотлари ва кимё материалларини экспорт қилиш киради. Шу билан бирга, Ўзбекистон Словениядан юқори технологияли ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, бутловчи қисмлар ва қайта тикланадиган энергия манбалари, рақамлаштириш ва замонавий тиббиёт каби соҳаларда илғор ноу-хауларни импорт қилишдан манфаатдор.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. 2024 йил якуни бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 175,7 миллион долларни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 60,3 фоизга кўпдир. 2025 йилнинг биринчи чорагида динамика давом этиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 127 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,8 фоизга ошди.
Материалда шу йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика, муҳандислик ва IТ каби соҳаларни ифодаловчи 20 дан ортиқ Cловения компаниялари иштирок этган бизнес давра суҳбати бўлиб ўтгани маълум қилинган.
"Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги сармоявий муҳитни тақдим этиб, божхона ва солиқ имтиёзлари, инвесторларни ҳимоя қилиш ва эркин иқтисодий зоналардаги имкониятларга алоҳида урғу берди. Геология-қидирув, енгил саноат, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларига алоҳида қизиқиш билдирилди. Тадбир барқарор савдо ҳамкорлиги ва интеграциялашган таъминот занжири учун мустаҳкам пойдевор яратган тўғридан-тўғри В2В ва В2G учрашувларини ўз ичига олди", – дея урғуланган материалда.
Айни пайтда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг тарихий босқичи давом этмоқда. Мазкур ислоҳотлар мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини либераллаштириш, парламент бошқарувини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган.
Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистон Президентининг 21-22 май кунлари Словенияга расмий ташрифи бўлиб ўтмоқда. Ушбу ташриф Ўзбекистон раҳбарининг Словенияга 20 йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи ташрифи бўлиб, у икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келиши билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Нашрда ташрифнинг марказий тадбири давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми бўлиши таъкидланган. Форумда икки давлатнинг йирик компаниялари, ҳукумат вакиллари ва тадбиркорлари иштирок этиб, савдони мустаҳкамлаш, сармояни кенгайтириш, янги технологик ва инфратузилма ташаббусларини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилади.
"Ўзбекистон ва Словения стратегик кўп қиррали ҳамкорликнинг янги даврига киришга тайёр. Тез суръатлар билан ўсиб бораётган товар айирбошлаш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, фаол сиёсий мулоқот ва ҳар икки томоннинг қизиқиши ортиб бораётган бир шароитда узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда", – деб ёзилган "Slovenia Times" мақоласи интиҳосида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди