Logo

"The Jerusalem Post" газетаси: Ўзбекистон нафақат тарих, балки, ўзига хос меҳмондўстлик ва замонавийликни мужассам эта олган мамлакат

Июль 03, 2025. 15:06 • 2 дақ

22
"The Jerusalem Post" газетаси: Ўзбекистон нафақат тарих, балки, ўзига хос меҳмондўстлик ва замонавийликни мужассам эта олган мамлакат

ТEЛЬ-АВИВ, 3 июль. /"Дунё" АА/. Исроилнинг етакчи "The Jerusalem Post" газетасида "Ўзбекистон бўйлаб ҳаяжонли саёҳат" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Унда Ўзбекистон ўзининг ноёб маданий мероси, меҳмондўстлиги ва юқори даражадаги хавфсизлиги билан исроиллик сайёҳлар учун тобора жозибадор йўналишга айланиб бораётгани таъкидланган.

Материалда қайд этилишича, Ўзбекистонда замонавий транспорт инфратузилмаси, жумладан, тезюрар поездлар ва ички авиарейслар ривожланган бўлиб, бу мамлакат бўйлаб саёҳатни қулай ва арзон қилади.

Муаллиф Самарқандни Буюк ипак йўлидаги маданиятлар чорраҳаси – ўзининг меъморчилиги ва тарихий мероси билан сайёҳларни ХIV аср муҳитига олиб борадиган шаҳар сифатида таърифлайди. "Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва "Silk Road Samarqand" замонавий сайёҳлик маркази менда катта таассурот қолдирди" – дея таъкидланган нашрда.

Мақола муаллифи, шунингдек, оилавий хотираларини, хусусан, онасининг Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашистлардан қочиб, ёшлигининг бир қисмини Ўзбекистонда ўтказгани ҳақидаги ҳикояни ўқувчиларга сўзлаб берган. "Онам умрининг охиригача Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳар деб атардилар", – деб ёзган у.

Бундан ташқари, материалда 2000 йилдан ортиқ тарихга эга Бухоро шаҳрининг салоҳияти ҳам батафсил ёритилган. Жумладан, шаҳарнинг  ўзига хос меъморчилиги, қадимий масжидлар, мадрасалар, "Арк" қўрғони ва "Лабиҳовуз" ансамбли ҳақидаги муҳим маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим этилган. "Бухоро Марказий Осиё ўрта асрлар шаҳарсозлигининг асл ва мукаммал намунаси", – дея урғуланган унда.

Мақола хулосасида "Ўзбекистон нафақат тарих, балки, ўзига хос, меҳмондўстлик ва замонавийликни ўзида мужассам эта олган мамлакат", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш