Logo

"The Khyber Mail": Ўзбекистон Президентининг сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари БМТ ва бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан кучли қўллаб-қувватланмоқда

Сентябрь 20, 2025. 12:01 • 3 дақ

65
"The Khyber Mail": Ўзбекистон Президентининг сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари БМТ ва бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан кучли қўллаб-қувватланмоқда

ИСЛОМОБОД, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "The Khyber Mail" электрон нашрида Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Зокир Ишпўлатов қаламига мансуб "Ўзбекистон ва БМТ: сув хавфсизлиги бўйича глобал ҳамкорлик йўналишлари" мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф ёзганидек, сув бебаҳо ресурс бўлиб, унга глобал талаб ва эҳтиёж муттасил ортиб бормоқда. Бугунги шароитда Марказий Осиёда умумий сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, барқарор ривожланишга эришишнинг ҳал қилувчи омилидир.


"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг глобал экологик муаммоларни, хусусан, сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган конструктив таклифлари ва амалий ташаббуслари БМТ, бутун жаҳон ҳамжамиятининг кенг эътирофи ва кучли қўллаб-қувватлашига сазовор бўлмоқда", – дейилган нашрда.


Таъкидланишича, Хусусан, Ўзбекистон томони ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди, "Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида"ги махсус резолюциянинг қабул қилинди.


"Ўзбекистон Президенти 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида сайёрамиз тобора кучайиб бораётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига дуч келаётганини қайд этди ва Марказий Осиё иқлим ўзгаришига энг заиф минтақалардан бирига айланиб бораётганини таъкидлади", – деб ёзган муаллиф.


Ўзбекистон томони, шунингдек, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, минтақадаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув ресурслари билан таъминланишнинг қисқариш тенденцияси давом этаётгани ҳақида маълумот берди.


Шундан келиб чиқиб, минтақамизда қабул қилинган "Яшил ривожланиш" дастури доирасида БМТ Бош котибининг сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозимини таъсис этиш, сувни тежаш технологиялари бўйича Марказий Осиё платформасини яратиш, тизимли ҳамкорликни рағбатлантириш қўллаб-қувватланди.


Қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан сув масалалари бўйича ҳамкорликни турли даражаларда: кўп томонлама, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва сувни мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро комиссия орқали, икки томонлама, сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар орқали изчил ривожлантирмоқда.


"Ўзбекистон етакчисининг оқилона сиёсати ва изчил саъй-ҳаракатлари самарасида Ўзбекистон қўшни давлатлар билан дўстона ва ишончли муносабатлар ўрнатиб, Марказий Осиёнинг трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратди. Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон билан мустаҳкамланган ҳамкорлик ва эришилган келишувлар туфайли Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида сув таъминотини яхшилашда сезиларли ютуқларга эришилмоқда", – дея урғуланган материалда.


The Khyber Mail" мақоласи хулосасида "Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ ва бошқа халқаро анжуманларда илгари сурилган конструктив ташаббуслар нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун халқаро ҳамжамият учун глобал экологик муаммоларни ҳал этиш, экологик хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, сув танқислигининг олдини олиш, иқлим ўзгаришларига чидамлиликни ошириш учун кенг имкониятлар яратмоқда", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш