Афғонистон ОАВ: Ўзбекистон Президенти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Афғонистон ИҲТ маконининг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлади
Июль 06, 2025. 12:08 • 2 дақ
• 52
КОБУЛ, 6 июль. /"Дунё" АА/. Афғонистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 17-саммитидаги нутқини ва мазкур анжуман доирасида ўтказган учрашувларини кенг ёритмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, қўшни мамлакатда оммабоп бўлган "Tolo news" ахборот агентлиги телеканали давлатимиз раҳбарининг мазкур саммитдаги иштирокига бағишланган махсус дастурни намойиш қилди. Унда Ўзбекистон Президенти Озарбайжонда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Афғонистонни ИҲТ маконининг ажралмас қисми эканини алоҳида урғулагани таъкидланган.
"Анжуманимизда узоқ танаффусдан сўнг Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этаётганидан хурсандмиз. Биз қўшни Афғонистонни ташкилотимизнинг ажралмас бир қисми, кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик жараёнларининг муҳим буғини сифатида кўрамиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз", – дея мамлакатимиз етакчиси сўзларидан иқтибос келтирилган теледастурда.
"Афғонистон Ислом Амирлиги расмий овози" ахборот агентлиги эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммити доирасида Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар Охунд билан учрашув ўтказгани ҳақида ёзди.
"Мулоқот чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони барқарор ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди", – дейилган мақолада.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, геология, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларида, қурилиш материалларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, томонлар Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштиришга эътибор қаратдилар.
"Шу билан бирга жорий йил май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилгани, июнь ойида эса Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзолангани олқишланди", – дея урғулаган Афғонистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди