Бельгия ОАВ: Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланмоқда
Октябрь 07, 2025. 18:17 • 2 дақ
• 62
БРЮССЕЛЬ, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг оммабоп "Eurasiafocus.com" электрон нашрида "ЮНЕСКО Бош конференциясининнг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофидир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда қайд этилганидек, 2023 йил ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунида унинг навбатдаги, 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича тарихий қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарорни ташкилотга аъзо 194 давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлади. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳодир.
"Ушбу ташаббус, шунингдек, Ўзбекистон учун катта дипломатик ютуқ бўлди, чунки ЮНЕСКО сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ўз сессиясини бошқа давлат ҳудудида ўтказилишини эълон қилди. Самарқанднинг ушбу жаҳон миқёсидаги тадбирни ўтказиш жойи сифатида танланиши мамлакатимизнинг маданият, фан ва таълим соҳасидаги ютуқлари ҳамда бой тарихий ва маданий меросининг яққол эътирофи ҳамдир", – деб ёзган муаллиф.
Маълум қилинганидек, 2024 йил 16 мартда Ўзбекистон Президентининг "2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
"Қарорга кўра, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ташкилий қўмита томонидан сессия билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сессия иштирокчиларининг келиши ва кетиши, уларга виза расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизматлар кўрсатиш, асосий тадбирлар ва маданий дастурларда қатнашишлари масалалари ЮНЕСКО билан келишган ҳолда ҳал қилинмоқда", – дея урғуланган мақолада.
Бельгия ОАВ, шунингдек, 43-сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутилаётгани ҳақида ёзган.
"Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланмоқда. Мазкур хақларо тузилма кўмагида мамлакатнинг бой тарихи ва қадимий анъаналарини, ўзбек халқи қадриятларини кенг тарғиб қилиш орқали уларни келгуси авлодга етказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу жабҳадаги муҳим вазифалар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисоблади", – деб таъкидланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди