Logo

Саудия ОАВ: Ўзбек дастурхонидан шунчаки таомларни эмас, балки, Шарқнинг хушбўй ифори ва Марказий Осиё зираворларининг уйғунлигини топасиз

Июнь 17, 2025. 09:12 • 2 дақ

54
Саудия ОАВ: Ўзбек дастурхонидан шунчаки таомларни эмас, балки, Шарқнинг хушбўй ифори ва Марказий Осиё зираворларининг уйғунлигини топасиз

АР-РИЁЗ, 17 июнь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Оkaz" газетасида Ўзбекистон миллий таомларига бағишланган "Ўзбекона меҳмондўстлик: Лағмон, палов ва манти – Саудия ошхонасини эслатувчи трио" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ўзбек миллий таомлари, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент ошхонаси, шунингдек халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳақида сўз борган.

"Ўзбек дастурхонидан сиз шунчаки таомларни эмас, балки, Шарқнинг хушбўй ифори ва Марказий Осиё зираворларининг уйғунлигини топасиз. Бу, шунингдек, Буюк ипак йўли нафақат маҳсулотлар, балки халқлар ўртасидаги маданий уйғунликни ўзаро боғлаган даврга олиб борадиган ноёб гастрономик тажрибадир", – деб ёзади муаллиф.

Нашрда таъкидланишича, ўзбек маданиятида овқатни баҳам кўриш шунчаки одат эмас, балки қадимий анъанадир. Бу юртда меҳмон оила аъзоси сифатида қабул қилиниб, унга улкан меҳр ва ҳурмат кўрсатилади.

"Биз шунчаки овқатланиш учун эмас, балки асрлар оша давом этиб келаётган маданиятимиз тарихини ҳикоя қилиш учун таомларимизни пиширамиз. Ҳар бир таом — бу муҳаббат, ҳурмат ва учрашув қувончининг хабаридир. Шунингдек, биз ўзбек ошхонасига қойил қолган, Саудия Арабистонидан келган меҳмонларни кўришдан хурсандмиз. Бизнинг пазандачилик анъаналаримиз ўртасида ҳам жуда кўп умумийлик бор, бу эса халқларимизни маданий жиҳатдан янада яқинроқ қилади", – дея Жамшид ошпаз сўзларидан иқтисоб келтирилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш