Logo

"An Nahar News" газетаси: Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган

Июль 03, 2025. 11:56 • 2 дақ

67
"An Nahar News" газетаси: Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган

АР-РИЁЗ, 3 июль. / "Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "An Nahar News" газетасида "Ўзбекистон ва Озарбайжон: кўп асирлик дўстлик ва ишончли шериклик" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари ягона туркий илдизлар, ўхшаш тил ва умумий қадриятлар асосида барқарор ривожланиб бораётгани қайд этилган.

"2024 йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги нишонланди. Бу эса икки томонлама алоқаларни давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтарди. Турли йўналишлар бўйича 200 дан ортиқ келишув ҳужжатлари имзоланган. Икки давлат етакчилари 2017 йилдан буён 12 марта учрашди. Уларнинг ўзаро дўстлик ва мустаҳкам ишончга асосланган яқин алоқалари кенг кўламли ҳамкорликни кучайтиришда муҳим роль ўйнади", – деб ёзади муаллиф.

Материалда Ўзбекистон-Озарбайжон иқтисодий алоқалари жадал тус олгани урғуланган. Қайд этилишича, сўнгги ўн йилликда савдо ҳажми саккиз баробар, яъни 32 миллиондан 253 миллион долларгача ошди. Эндиликдаги мақсад ушбу рақамларни 1 миллиард долларга етказиш.

Саудия Арабистони нашри, шунингдек, туризм ва таълим соҳасидаги Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани ҳақида ҳам ёзган.

"Визасиз режим 15 кунгача узайтирилди, бу эса туризмнинг изчил ривожланишига олиб келди. Озарбайжонлик сайёҳлар сони 2022 йилдан 2024 йилгача 10 000 дан 18 000 гача, ўзбекистонлик сайёҳлар сони эса 11 000 дан 16 000 гача ўсди. Илмий ва таълим алоқалари ҳам чуқурлашмоқда. 40 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари тузилди. Энергетика, молия ва тиббиёт соҳаларида қўшма ўқув дастурлари режалаштирилмоқда",– дея қайд этилади нашрда.

Бундан ташқари, мақолада Ўзбекистон ва Озарбайжон маданий дипломатияга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам урғуланган.

"Қўшма маданий тадбирлар, фестиваллар ва Бокуда Алишер Навоий, Тошкентда Низомий Ганжавий шарафига ўрнатилган ёдгорликлар чуқур ўзаро ҳурматни ифодалайди. Тошкентдаги Ҳайдар Алиев ёдгорлиги ушбу дўстликнинг яна бир рамзидир", – деб ёзилган "An Nahar News " газетасида босилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш