Индонезиядаги оммабоп телеканал ва машҳур блогер "ТХИФ-2025" ҳамда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳақида
Июнь 30, 2025. 10:03 • 4 дақ
• 62
ЖАКАРТА, 30 июнь. "Дунё" АА/. Индонезиянинг "Kompas TV" телеканали ижодий гуруҳи ва "Zeezee Shahab" номи билан танилган блогер Фаузия Мустафа Камил Шахаб жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида (ТХИФ) иштирок этди ва мазкур анжуман ҳамда Ўзбекистон салоҳиятига бағишланган туркум материалларни эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бўлиб ўтган анжуман тўғрисидаги репортаж ва видеолавҳалар жорий йил 11-13 июнь кунлари Индонезия телевидениесининг "RTVI", "TransTV", "Kompas TV", "Global TV" каби каналларининг ахборот дастурларида эфирга узатилди.
Хусусан, "Kompas TV" IV телеканалида эфирга узатилган дастурда "2025 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумини тантанали равишда очиб берди. Ушбу нуфузли тадбирга 100 га яқин мамлакатидан 8 000 нафар иштирокчи қатнашди", – дейилган.
Таъкидланганидек, форумнинг асосий мақсади – халқаро миқёсдаги инвесторларни бирлаштириш, Ўзбекистонда мавжуд ва ривожланаётган инвестиция имкониятларини кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборат. Маълум қилинганидек, тадбир доирасида энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, туризм, геология, тоғ-кон ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги муҳим лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
"Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ўзаро манфаатли келишувларни амалга ошириш ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш мақсадида бир неча йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда", – деган дастур муаллифи.
Теледастурда, шунингдек, бўлиб ўтган ушбу форум ва кўргазма инвесторларга Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, турли тармоқлардаги истиқболли лойиҳалар ҳамда уларга инвестиция киритиш имкониятлари тўғрисида мукаммал маълумотга эга бўлиш имконини бергани қайд этилган.
Бундан ташқари, "Kompas TV" мухбири Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган қадимий обидаларни зиёрат қилгани ҳақидаги маълумотларни телетомошабинлар эътиборига тақдим қилган.
Индонезияда "Zeezee Shahab" номи билан танилган блогер Фаузия Мустафа Камил Шахаб ўз кузатувчилари эътиборига Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг зиёрат туризм салоҳияти, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳақида қатор видео ва фотоконтентларни тақдим этди.
У тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 31 мамлакатдан келган инвесторлар ва 114 нафар журналистлар иштирок этганини қайд этиш баробарида, ушбу муҳим тадбир унга илиқ таассурот қолдиргани ҳақида ёзган.
Блогер Тошкент бўлиш чоғида "Ҳастимом" ва Сузук ота" зиёратгоҳлари, "Наврўз" этник боғи, Амир Темур хиёбони, "Tashkent City" ҳамда "Magic City" мажмуалари, "Чорсу" бозори, "Бешқозон" миллий ош маркази ҳақида контентлар тайёрлаб кузатувчилари эътиборига тақдим қилган ва уларни Ўзбекистон диёрига ташриф буюришга ундаган.
Индонезиялик блогер, шунингдек, "Чорсу" бозорига ташрифи давомида ўзбекистонликлар учун анъанавий бўлган норин таомини биринчи бор татиб кўрганини ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлаган.
"Ўзбекистонга келишимдан аввал, бу ердаги таомлар Туркия таомларига ўхшаш бўлса керак деб ўйлагандим. Аммо ўзбек миллий таомларини татиб кўргач, тушундимки, Ўзбекистон таомлари ўзига хос ва ҳақиқатан ҳам жуда мазали экан", – деган "Zeezee Shahab"
Фаузия Мустафа Камил Шахаб Самарқанддаги Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди ва Шоҳизинда мажмуаси каби тарихий обидаларнинг тарихи, меъморий ўзига хослиги ҳақидаги муҳим маълумотларни ўқувчилар эътиборига тақдим қилган.
"Самарқанддаги обидаларга қўйилган ҳар бир ғишт ва бино Ўзбекистоннинг буюк тарих ва бой маданий мероси ҳақида ҳикоя қилади. Бу шаҳарда мен цивилизациялар жамланган жавоҳирни кўрдим" – дейди журналист.
Блогер буюк саркарда Амир Темур ҳақида сўз юритар экан, уни Темурийлар империясининг асосчиси, тарқоқ ҳудудларни бирлаштириб, ўз даврининг энг йирик мамлакатини барпо этган кучли саркарда ва давлат арбоби сифатида таърифлаган. Шу билан бирга, Амир Темурнинг санъат ва маданият ривожидаги улкан ҳиссаси эътироф этилган "Унинг ҳукмронлиги даврида архитектура, илм-фан ва маданият ривожланган. Амир Темур қолдирган мерос ҳанузгача Марказий Осиёда муҳим аҳамиятга эга." – деб ёзади блогер.
Индонезиялик блогернинг Бухоро шаҳрида Пойи Калон мажмуаси, Мир Араб мадрасаси, Лаби Ҳовуз ва Арк каби обидалар билан танишгани улар ҳақидаги маълумотлар унинг кузатувчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
"Бухорони тинч, халқи бағрикенг ва самимий шаҳар. Бу шаҳарнинг қадимий руҳи, меъморий қиёфаси, маданий-маърифий муҳити ва одамларнинг меҳмондўстлиги менга алоҳида таъсир қилди. Бу ерда ўзимни худди ўтмишда, тарих саҳифалари ичида юргандек ҳис қилдим", – деб ёзган "Zeezee Shahab".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди