Logo

Ипак йўлини қайта тиклаш бўйича янги лойиҳалар Хитой оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Сентябрь 06, 2025. 15:46 • 2 дақ

31
Ипак йўлини қайта тиклаш бўйича янги лойиҳалар Хитой оммавий ахборот воситалари диққат марказида

ПЕКИН, 6 сентябрь. /"Дунё" АА/. "Lookwe" журналида "Ипак йўлининг тикланиши: транспорт инфратузилмасида йирик қўшма лойиҳалар" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Нашрда қайд этишича, Ипак йўли деярли икки минг йил давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни таъминлаб келган инсоният сивилизацияси тарихидаги иқтисодий ва маданий интеграциянинг энг йирик рамзий кўринишларидан биридир. Ипак йўли бўйлаб нафақат тижорат товарлари – ипак, ёғоч, қимматбаҳо тошлар, қоғоз ва ҳунармандчилик буюмлари, балки ғоялар, технологиялар, фан ютуқлари ва маданий анъаналар ҳам тарқатилган. Бинобарин, Ипак йўли "цивилизациялар кўприги" сифатида инсоният тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга.


2013 йилда эълон қилинган "Бир макон ва йўл" ташаббуси нафақат транспорт инфратузилмасини, балки энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат кластерлари ва маданий алмашинувни ҳам қамраб олган кенг кўламли интеграция дастуридир.


Қайд этилишича, мазкур дастур Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам катта имкониятлар яратади. Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур ташаббус доирасида темир йўл ва автомобиль йўлларини модернизация қилиш, логистика марказларини барпо этиш, транзит салоҳиятини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.


"Бугунги кунда "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" ва "Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" йўналишлари бўйича мультимодал юк ташиш ҳажмини изчил ошириш асосий устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Хусусан, қурилиши жадал суръатлар билан давом этаётган "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" стратегик темир йўл лойиҳаси минтақа тарихидаги энг йирик инфратузилма ташаббусларидан бири сифатида баҳоланиб, "аср қурилиши" деб номланди. Бу темир йўлнинг қурилиши, аслида, Буюк ипак йўлининг янги кўринишда қайта тикланишини англатади", – деб ёзган муаллиф.


"Lookwe" журналида босилган мақола, "Ипак йўлининг тикланиши нафақат тарихий меросни қайта тиклаш, балки янги жаҳон иқтисодий тартибида муносиб ўрин эгаллаш имкониятидир. Транспорт инфратузилмасидаги йирик қўшма лойиҳалар Евроосиё маконида стратегик барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг янги даври бошланиши учун замин яратади", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш