Испаниянинг етачки ахборот порталида Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё тараққиётига бағишланган мақоласи чоп этилди
Ноябрь 20, 2025. 14:40 • 2 дақ
• 82
МАДРИД, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг "Otra Lectura" таҳлилий-ахборот порталида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Марказий Осиё янги давр остонасида" сарлавҳали мақоласи испан ва инглиз тилларида чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга эга босқичига қадам қўймоқда. Муаллифнинг сўзларига кўра, минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда
Минтақавий ҳамкорлик борасида бошланган янги босқичнинг энг муҳим ютуқларидан бири — чегара масалалари узил-кесил ҳал этилганидир, -дея урғу берилган мақолада. Муаллифнинг таъкидлашича, яқин-яқингача имконсиз туюлган бу муаммонинг ечими бугун реал ҳолатга, бир пайтлар бизни ажратиб турган чегаралар эса дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани тарихий аҳамиятга молик ҳодисадир. Буни ҳақли равишда оламшумул воқеа деб аташ мумкин.
Шунингдек, илгари кескин келишмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ўзгаришлар рўй бермоқда. Таъкидланишича, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкорликнинг ёрқин далилидир.
"Энг муҳими, қардош халқларимиз бўлаётган барча ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилгани, авиақатновлар, темир йўл ва автобуслар йўналишлари йўлга қўйилгани ўзаро борди-келдиларни бир неча бор ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризмнинг улуши 80 фоиздан ошди",- дея иқтибос келтиради манба.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси