"Diplomatic Watch": БМТ Давлат хизмати форуми давлат хизматлари келажагини шакллантириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш учун ноёб имконият яратади
Июнь 05, 2025. 09:39 • 2 дақ
• 68
ВАШИНГТОН, 5 июнь. /"Дунё" АА/. АҚШнинг "Diplomatic Watch" журналида "Ўзбекистон Самарқандда БМТ Давлат хизмати форумини ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда таъкидланганидек, 23–25 июнь кунлари Ўзбекистон илк бор БМТ Давлат хизмати форумини қабул қилади.
"Ушбу тадбир дунё бўйлаб давлат раҳбарлари, экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва инновациячиларни бир жойга жамлайди. Делегатлар самарали давлат бошқаруви, рақамли трансформация ва фуқароларни жалб қилиш бўйича стратегияларни муҳокама қиладилар, – деб ёзган манба. – Форум тарихий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Ўзбекистон ўзининг сўнгги ислоҳотларини намойиш этиш ва халқаро ҳамкорлардан тажриба ўрганишни мақсад қилган. Мазкур йиғилиш давлат хизматлари келажагини шакллантириш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш учун ноёб имконият яратади".
Қайд этилганидек, Ўзбекистон давлат секторида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматни ошкора, самарали ва фуқароларга яқин қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қиляпти. Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари аҳолига амалдорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини берди. Мазкур ташаббуслар ҳукуматнинг жамоатчилик фикрини эшитадиган ва унга амал қиладиган кенгроқ йўналишга ўтаётганини акс эттиради.
"Ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар тараққиётни тезлаштирди. 2019 йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги кадрлар бошқаруви ва касбий стандартлар соҳасида ислоҳотларни илгари суришни бошлади. "Маҳалла еттилиги" ташаббуси ҳукумат ва жамоалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаб, маҳаллий муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал этишга ёрдам бермоқда. 2022 йилда қабул қилинган "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун давлат хизматларига очиқ танловни жорий қилди ва давлат хизматчилари учун аниқ самарадорлик мезонларини белгилади", – дейилган материалда.
Нашрда форум иштирокчилари рақамли инновациялар, истеъдодларни ривожлантириш ва ҳукумат билан фуқаролар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш масалаларида ғоялар алмашишлари урғуланган.
"БМТ Давлат хизмати форумини қабул қилар экан, Ўзбекистон давлат бошқаруви келажагини шакллантиришда ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада етакчи ўрин эгаллашга тайёр эканини намоён қилади", – деб ёзилган "Diplomatic Watch" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди