Logo

"Lookwe" журнали: Ўзбекистоннинг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги муваффақияти унинг чегараларидан ташқарида ҳам эътироф этилаяпти

Сентябрь 20, 2025. 11:58 • 2 дақ

73
"Lookwe" журнали: Ўзбекистоннинг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги муваффақияти унинг чегараларидан ташқарида ҳам эътироф этилаяпти

ПЕКИН, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Lookwe" журналида "Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

 Унда БМТ Бош Ассамблеясининг барқарор ва инклюзив ўсишга бағишланган 80-сессияси жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтиши маълум қилинган. Иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги ва глобал ноаниқлик кучаяётган бир пайтда мамлакатлар ўз ислоҳотларини 2030 йилги кун тартибига қандай мослашаётганига алоҳида эътибор қаратмоқда.

"Ўзбекистон учун бу лаҳза бор-йўғи саккиз йил ичида қандай қилиб ички ислоҳотлар халқаро тараққиёт жараёнининг бир қисмига айланганини кўрсатиш имкониятини беради. 2025 йил июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон БМТ глобал БРМ индексида 73,1 балл билан 167 давлат орасида 62-ўринни эгаллади, – деб ёзилган нашрда. – Ушбу рейтинг доимий тузилмавий муаммоларга қарамай, миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришда барқарор тараққиётни таъкидлайди".

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг БРМга эришиш йўлидаги муваффақияти унинг чегараларидан ташқарида ҳам эътироф этилаяпти.

Хитой ОАВ ёзганидек, Ўзбекистон халқаро сув конвенцияларида ҳам иштирок этади ва БМТТД, ЕКАТ, Глобал сув ҳамкорлиги ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан ишлайди.

"Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра (2023 йил), 2022 йилда давлат харажатларининг тахминан 71 фоизи БРМ билан ўзаро боғланган. Муҳим улуш ижтимоий мақсадларга, жумладан камбағалликни қисқартириш учун тахминан 415 миллион АҚШ доллари (БМР 1), соғлиқни сақлаш учун 1,2 миллиард АҚШ доллари (БРМ 3) ва таълим учун 2,7 миллиард АҚШ доллари (БМР 4) ажратилган", – деб ёзган нашр.

Мақолада, шунингдек, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ички ислоҳотларни "БМТ–2030" кун тартибига мувофиқлаштириш, бир вақтнинг ўзида инновацион молиявий воситаларни жорий этиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш қобилиятини намойиш этгани таъкидланган. Бироқ, демографик босим, сув танқислиги ва иқлим хавфлари тизимли жавобни талаб қилади.

Кейинги қадамлар ислоҳотларни чуқурлаштириш, "яшил" молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва иқлим бўйича глобал музокараларда фаол иштирок этишга боғлиқ бўлади.

"2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва "Ўзбекистон 2030" стратегияси республика тараққиётига зарур пойдевор яратди. Бироқ, уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши изчил ислоҳотлар ва халқаро жараёнларга интеграцияга боғлиқ", – деб ёзилган "Lookwe" мақоласи хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш