Logo

Малайзиянинг йирик туризм компаниялари вакиллари учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-тур ташкил этилди

Июль 09, 2025. 16:24 • 2 дақ

57
Малайзиянинг йирик туризм компаниялари вакиллари учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-тур ташкил этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 9 июль. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "МАТТА", "BUMITRA" ва "PAPUH" сайёҳлик ассоциациялари раҳбарияти ва уларга аъзо йирик туркомпаниялар вакилларидан иборат делегация 3-9 июль кунлари амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси ташаббуси ташкил этилган инфо-турда, шунингдек, малайзиялик машҳур актриса ва телебошловчи Адреа Абдуллаҳ ҳам юртимизга келди. У юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини Малайзия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида делегация таркибидан ўрин олди.

 Бир ҳафта давом этган инфо-тур давомида Малайзия туризм бизнес вакиллари Жиззах, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб, мазкур ҳудудларнинг зиёрат туризм салоҳияти, маданий мероси ва ислом дунёсида машҳур муқаддас қадамжолари билан яқиндан танишди.

Сафар давомида икки мамлакат туроператорлари иштирокида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ва "B2B" шаклидаги учрашувлар ташкил этилди. Бўлиб ўтган муҳокамалар якунида Малайзиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада ошириш, янги қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Малайзия туризм соҳаси вакиллари, шунингдек, "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг "Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур" йўналиши бўйича авиақатновидан фойдаланишди ва авиакомпания томонидан йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганди. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур инфо-тур Ўзбекистон Президентининг шу йилнинг 4-5 февраль кунлари Малайзияга буюрган ташрифи давомида юртимиз зиёрат туризм салоҳиятини ушбу давлатга кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизга малайзиялик сайёҳлар оқимини янада ошириш бўйича эришилган келишувлар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш