Logo

Миср ОАВ Султон Сайфиддин Қутуз меросига бағишлаб ўтказилган илмий анжуман ҳақида ёзмоқда

Июнь 19, 2025. 09:24 • 2 дақ

47
Миср ОАВ Султон Сайфиддин Қутуз меросига бағишлаб ўтказилган илмий анжуман ҳақида ёзмоқда

ҚОҲИРА, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "youm7.com", "almsaey.akhbarelyom.com", "mwatan.news", "soutalomam.net",  "zahraa.mr", https://slashweb.net.eg"alsyasawaltaqa.com" ва "al-safir.com" каби етакчи электрон оммавий ахборот воситаларида Миср пойтахтида бўлиб ўтган "Султон Сайфиддин Қутуз тарихидаги янги саҳифалар" мавзусидаги илмий-амалий анжуманга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Уларда Миср давлат кутубхонасида "Султон Сайфиддин Қутуз тарихидаги янги саҳифалар" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтгани маълум қилинган.

"Анжуманни очиб берган Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев, Миср давлат кутубхонаси фонди директори, элчи Ризо ал-Тоифий ҳамда ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган "Сайфиддин Қутуз – cўнгги зарба" номли китоб муаллифи Бекзод Абдиримов бу каби тадбирларнинг икки биродар давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятини таъкидладилар. Ўзбекистон ва Мисрдан тарихчилар, ёзувчилар ҳамда санъат соҳаси вакиллари қатнашган тадбирда икки давлат халқлари ўртасидаги асрлар давомидаги тарихий алоқаларга муҳокама қилинди", – дейилади мақолада.

Таъкидланишича, иштирокчилар бугун нафақат умумий тарихимизнинг шонли саҳифаларини яна бир бор ёдга олиш, балки икки халқни боғлаб турган маданий ва тамаддуний ришталарни чуқурроқ англаш муҳимлигини таъкидладилар.

"Ислом дунёси тарихидаги қаҳрамон сиймолардан бири – Қутуз Хоразмшоҳлар давлати ҳудудида, кўҳна Хоразмда туғилган. Ёшлигида она ватанини тарк этган Султон Сайфиддин Миср султони даражасига етиб, 1260 йилда Айн Жолут жангида мўғулларга қарши ҳал қилувчи ғалабага эришди ҳамда Миср ва ислом оламининг катта қисмини муқаррар қирғиндан сақлаб қолди", – деб ёзган Миср ОАВ.

Анжуманда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар биргина тарихий шахс билан чекланиб қолмаслиги, асрлар давомида олимлар, савдогарлар, талабалар ва давлат арбоблари икки минтақа ўртасида қатнаб, билим ва қадриятлар алмашинуви орқали ҳар икки цивилизацияни бойитгани қайд этилди. Аҳмад Ал-Фарғоний, Мисрда ҳукм сурган Тулунийлар, Ихшидийлар, Хоразмшоҳлар ва Мамлуклар давридан тортиб, Ал-Азҳар ва Нақшбандия анъаналаригача – икки халқни ўзаро ҳурмат ва умумий тақдир уйғунлиги боғлаб турган.

"Шунингдек, сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Миср киноижодкорлари томонидан Султон Сайфиддин Қутуз ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича ташаббусни илгари сурдилар. Бундай лойиҳалар икки халқ ўртасидаги минг йиллик дўстликни бугунги ва келажак авлодларга етказишда муҳим восита бўлади", – дея уруғланган мақолаларда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш