Logo

Миср ОАВ: Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи Ўзбекистоннинг долзарб муаммоларни ҳал этишда минтақавий етакчи ва глобал ҳамкор сифатидаги мавқеини намойиш этди

Сентябрь 25, 2025. 10:48 • 3 дақ

37
Миср ОАВ: Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи Ўзбекистоннинг долзарб муаммоларни ҳал этишда минтақавий етакчи ва глобал ҳамкор сифатидаги мавқеини намойиш этди

ҚОҲИРА, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Ал-Дипломаси" ахборот агентлиги "Таҳлил...Янги Ўзбекистон, Янги Марказий Осиё: парчаланган дунёда умид овози" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида ички ўзгаришлар, минтақавий ҳамкорлик ва глобал муаммолар ҳақида батафсил тўхталди. Унинг жаҳон ҳамжамиятига мурожаати Ўзбекистонни нафақат ўз минтақасида улкан ислоҳотларни давом эттираётган давлат, балки долзарб муаммоларни ҳал этишда минтақавий етакчи ва глобал ҳамкор сифатидаги мавқеини намойиш этди", – деб ёзган муаллиф.


Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонни ўзгартирган кенг қамровли ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар, юқори технологияли саноатнинг ўсиши ва "яшил" энергия инвестициялари туфайли камбағаллик 35 фоиздан 6,6 фоизга қисқарди. Таълим олиш, соғлиқни сақлашни ривожлантириш, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш борасида катта ютуқлар қайд этилди. "Ўзбекистоннинг мақсади инсон қадр-қиммати ва барқарор тараққиётга асосланган 2030 йилгача ўртадан юқори даромадли давлатлар қаторига қўшилиш", - дейилган нашрда.


Қайд этилганидек, Ўзбекистон етакчиси ўз маърузасида Марказий Осиё "янги давр"га қадам қўйганини ғурур билан таъкидлади. "Илгари ёпиқ чегаралар ва келишмовчиликлар билан ажралиб турган бу минтақа ҳозир барқарорлик, ҳамкорлик ва интеграция платформасига айланди. Ўзаро савдо, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари беш баравар кўпайди, минтақа етакчилари ўртасидаги маслаҳат учрашувлари институционал тус олди", – деб қайд этилган манбада.



Шунингдек, БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда "яшил" технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, "яшил" макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш таклиф қилинди.


Миср ОАВ ёзганидек, Ўзбекистон етакчиси глобал ва минтақавий хавфсизлик борасида фикр юритар экан, Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ушбу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи экани қайд этилди.


Президент Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.


Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Президенти ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.


"Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, "икки халқ учун – икки давлат" тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз", – дея Ўзбекистон Президенти сўзларидан иқтибос келтирилган нашрда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш