Logo

Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Миср ўртасида барча жабҳада янги алоқалар ўрнатилмоқда

Ноябрь 21, 2025. 17:42 • 2 дақ

681
Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Миср ўртасида барча жабҳада янги алоқалар ўрнатилмоқда

ҚОҲИРА, 21 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг нуфузли "Mobtada" ва "5-seyasa" ОАВда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, ICESCO ташкилоти Ижроий кенгаши аъзоси Mузаффар Камиловнинг "Ўзбекистон ва Миср: ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий алоқалар ривожида янги давр" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолаларда таъкидланишича, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда анча ривожланиб, ижтимоий, маданий ва иқтисодий соҳаларда янги имкониятлар яратилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасидаги мулоқотлар икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси, замонавий ислоҳотлари Миср жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ва маданияти билан бирга, туризм соҳасида ҳам Миср учун қизиқарли йўналишлардан бири ҳисобланади. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар мусулмон цивилизациясининг марказлари сифатида қаралиб, мисрлик сайёҳлар учун жозибадордир.

Шунингдек ўқинг

ОАВда ёзилишича, Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик ўсмоқда. Таълим дастурлари ва дарсликларнинг алмашинуви икки халқ ўртасида ўзаро тушунишни ва илмий ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради. Маданий тадбирлар ва Ал-Азҳар университети вакилларининг турли фаолиятларда иштироки икки мамлакатнинг таълим ва диний муассасалар ўртасидаги кучли алоқаларни кўрсатади.

Шунингдек, Қоҳира ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши фуқаролар ўртасидаги алоқаларни кучайтиради ва маданий алмашинувни янада ривожлантиради.

"Умуман олганда, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу алоқалар келажакда янада мустаҳкамланиши ва янги имкониятларни очишга замин яратади", – дея фикр юритилган нашрларда.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш