Logo

Миср ОАВ: Самарқанд шаҳри БМТнинг Давлат хизматлари форумини қабул қилади

Июнь 08, 2025. 15:10 • 2 дақ

38
Миср ОАВ: Самарқанд шаҳри БМТнинг Давлат хизматлари форумини қабул қилади

ҚОҲИРА, 8 июнь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Ал-Дипломаси" ва "Сада ал-Балад" ахборот агентликлари 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг Давлат хизматлари форумига бағишланган мақолаларни араб ва инглиз тилларида тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Уларда БМТнинг Давлат хизмати форуми барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда давлат сектори имкониятларини кенгайтириш, унинг инсон капитали ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги таъкидланган. Маълум қилинганидек, форумда дунёнинг турли мамлакатларидан юқори лавозимдаги давлат хизматчилари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва илмий-академик доира вакиллари, компаниялар ҳамда инновация етакчилари иштирок этиши кутилмоқда. 

"Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар Ўзбекистон давлат хизмати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга йўл очди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан давлат фуқаролик ҳукумати трансформация қилинди. "Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", — деган ҳаётий тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил этилди"– деб ёзилади мақолаларда.

Нашрларда, шунингдек, Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасидаги ислоҳотлар ижобий динамика кўрсатаётгани, рақамлаштириш, шаффофлик ва профессионализмга қаратилган ташаббуслар давлат фуқаролик хизматининг сифати ошишига хизмат қилаётгани таъкидланган. "БМТ Давлат хизмати форумини (UN Public Service Forum 2025) Ўзбекистонда ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Форум ўз миссиясидан ташқари Ўзбекистоннинг давлат хизмати, электрон ҳукумат ва рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлари ва саъй-ҳаракатларини дунё ҳамжамиятида танитишни ҳам таъминлайди. Бу, Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувидаги мустақил мамлакат учун ижобий қадам", – деб қайд этади муаллиф.

Мақолалар "Шу билан бирга, ушбу форум фақат давлат хизматларининг эмас, балки улар орқали жамиятга хизмат қилаётган давлат хизматчиларининг ўрни ва меҳнатини алоҳида эътироф этиш, уларнинг нуфузини ошириш ҳамда янги авлод хизматчиларини руҳлантириш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш