Наманганда 64-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтмоқда
Июнь 02, 2025. 12:41 • 2 дақ
• 160
НАМАНГАН, 2 июнь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 25 май санасидан бошлаб Наманганда мамлакатимизнинг энг ёрқин ва ранг-баранг тадбирларидан бири – 64-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Фестиваль анъанавий автопарад билан бошланади. Табиий гуллар билан безатилган 200 дан ортиқ турли русумдаги автомашиналар вилоят марказининг асосий кўчалари бўйлаб Наманган халқаро аэропорти олдидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи олдигача бўлган 10 километрдан зиёдроқ йўлни босиб ўтди.
Ҳар йили нафақат юртимиз, балки хориждан ҳам минглаб сайёҳларни жалб этадиган мазкур фестивалга тайёргарлик доирасида шаҳарга 100 миллиондан ортиқ, жумладан, кўча-хиёбонларга 45 миллион, "Бобур", "Афсона" ва "Янги Ўзбекистон" боғларига 65 миллион туп гул экилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида фестиваль меҳмонларига хорижий ва маҳаллий иштирокчилар томонидан махсус майдонларда табиий гуллардан яратилган турли композициялар, дизайн ва декорациялар намойиш этилмоқда. Ҳар бир гул композицияси нафақат гўзаллик ва эстетик завқ бағишлайди, балки ҳудуднинг бетакрорлик ва маданий юзини намоён этувчи рамзий маъно касб этади.
Фестиваль кунлари 100 дан ортиқ маданий тадбирлар – жаҳон ва миллий эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концертлар, "Fashion Week 2025" модалар ҳафталиги, халқаро ва маҳаллий спорт мусобақалари, илмий-амалий конференция ва семинарлар, катталар ва болалар учун спектакллар ва цирк томошалари, халқаро ҳунармандчилик кўргазмалари, кулгиу кечалари, "Дунё таомлари Наманганда" гастрономик туризм тадбирлари, "Лаванда сайли" ва дрон-шоу ўтказиляпти.
64-Халқаро гуллар фестивали 29 июнгача давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди