Покистон ОАВ: Ўзбекистон табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш орқали барқарор экологик туризмни ривожлантирмоқда
Май 28, 2025. 15:15 • 2 дақ
• 49
ИСЛОМОБОД, 28 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "Daily Spokesman" газетаси ва "The World Ambassador" янгиликлар порталида "Ўзбекистоннинг қадам етмаган масканларини кашф этинг: Экотуризмнинг яширин хазиналари" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда юртимизнинг Сурхондарё ва Наманган вилоятларида жойлашган ноёб туристик жойлар – Сангардак шаршараси, Омонхона ва Чодак ҳақида батафсил маълумот берилган.
Мақолада таъкидланишича, мазкур табиий масканлар Ўзбекистонда оммавий туризм марказларидан йироқда жойлашган бўлсада, сўнгги йилларда ички ва хорижий сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу масканлар нафақат гўзал манзаралари, балки инсон билан табиат ўртасидаги чуқур руҳий алоқани тиклайдиган, соғломлаштирувчи ва маънавий бойитувчи маконлар сифатида тавсифланади.
Сурхондарё вилоятидаги Сангардак шаршараси табиатни севувчилар учун ҳақиқий кашфиёт сифатида таърифланади. 50 метр баландликдан оқиб тушаётган тоза сув, уни ўраб турган ўсимликлар олами ва тоғлар, ҳар бир меҳмонга табиатдан завқланиш бахтини улашиши қайд этилади.
"Бу гўзал табиат манзараси нафақат кўрилади, балки унинг оҳанги тингланади, шифобахш ҳавосидан нафас олинади, жўшқин энергиясидан руҳият қувватланади", – дейилади мақолада.
Омонхона эса, Покистон нашрларида қайд этилишича, "шунчаки дам олиш жойи эмас, балки инсон танаси ва қалбига шифо бахш этадиган, табиат ва тарих уйғунлашган муқаддас макон"дир. Маҳаллий аҳоли орасида бу ердаги минерал сувлар "ҳаёт эликсири" номини олгани, у ички аъзолар фаолиятини яхшилаши, асаб тизимини тинчлантириши ва организмни тозалаши эътироф этилган. Йилдан-йилга салмоғи ортиб бораётган туристлар учун замонавий қулайликлар яратиш мақсадида ҳозирда бу ерда замонавий санаторийлар, меҳмонхоналар ва оилавий дам олиш масканлари қурилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилган.
Мақолада алоҳида эътибор қаратилган яна бир манзил — Наманган вилоятидаги Чодак қишлоғи. 4000 йиллик тарихга эга бу қишлоқ анъанавий қишлоқ турмуш тарзи – боғдорчилик, ҳунармандчилик ва миллий ошхонаси анъаналарини сақлаб қолгани, бугунги кунда Чодакда 300 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари, бир неча дам олиш масканлари ва 30 дан зиёд гастрономик туристик йўналишлар фаолият юритаётгани айтилади.
Шунингдек, Покистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларда Ўзбекистонда экологик туризмнинг келажаги катта экани, табиатга эҳтиёткор муносабат асосида барқарор туризмни ривожлантириш мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди