Покистон ОАВ: Ўзбекистон зиёрат туризми – бой маънавий мерос, тарих ва меҳмондўстликнинг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда
Сентябрь 30, 2025. 10:57 • 3 дақ
• 55
ИСЛОМОБОД, 30 сентябрь. "Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятини кенг ёритмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, ушбу мамлакатнинг "Associated Press of Pakistan – APP", "Global News Pakistan" ахборот агентликлари, "Diplomatic Insight" ва "Margalla Tribune" журналлари, "Daily Ittehad" газетаси, "World News Pakistan", "Election Times" ва "World News" онлайн янгиликлар платформаларида "Ўзбекистон нафақат саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда" сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.
Нашрларда Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ислом дунёси харитасидаги энг муҳим нуқталардан бири саналиши таъкидланган. Шу маънода Ўзбекистонинг зиёрат туризми салоҳияти мусулмон оламида юқори қизиқишга сабаб бўлаётир.
"Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Термиз, асрлар давомида нафақат савдо ва илм-фан марказлари бўлиб хизмат қилган, балки мусулмон оламининг барча бурчакларидан зиёратчиларни ўзига жалб этган муқаддас масканларга айланган, – дейилган нашрларда. – Бугунги кунда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида тобора кўзга ташланаётган йўналишга айланмоқда, бунда маънавий мерос, бой тарих ва меҳмондўстликнинг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда".
Таъкидланганидек, Ўзбекистонга зиёратчиларни жалб этадиган энг муҳим омиллардан бири – бу машҳур ислом уламолари, шайхлар, сўфий устозлар ва солиҳ инсонлар билан боғлиқ кўплаб мақбаралар ва зиёратгоҳларнинг мавжудлигидир. Жумладан, Самарқандда буюк имом ал-Бухорийнинг мақбараси жойлашган. У машҳур "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламининг муаллифи бўлиб, бу асар аҳамияти жиҳатидан фақат Қуръони каримдан кейинги ўринда туради. Самарқанд яқинида жойлашган унинг мақбараси бутун дунё мусулмонлари учун муҳим зиёратгоҳга айланган.
Маълум қилинганидек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ рангларга алоҳида эътибор берилган.Шунингдек, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
"Яна бир эътиборга молик янгилик – бу Туризм қўмитаси томонидан соҳадаги экспертлар жалб қилиниб, Туркий давлатлар ташкилотининг веб-порталида "Табаррук зиёрат" туризм платформаси ишга туширилди. Мазкур платформага Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Туркий дунё цивилизациясида муҳим ўрин тутган 260 га яқин зиёратгоҳ ҳамда қадамжолар тўғрисидаги маълумотлар 7 та тилга таржима қилиниб, жойлаштирилди", – дея маълум қилинган материалларда.
Шунингдек, платформага "Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш мақсадида "Туркий адабиёт хазинаси" номли китоблар туркуми ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар моддий маданий-мерос объектлари, алломалари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиб, моддий маданий-мерос объектлари, алломалари ҳақидаги маълумотлар турк тилига таржима қилиниб, жойлаштирилди.
Нашрларда таъкидланишича, 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган умумий сайёҳларнинг 57 фоизи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг "Туркий давлатлар билан Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, бевосита ижрога қаратилган.
Мақолалар хулосасида, "Ўзбекистон нафақат оддий саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди