Хитой ОАВ: Ўзбекистон халқаро туризм соҳасида етакчи давлатга айланган
Сентябрь 20, 2025. 11:47 • 3 дақ
• 72
ПЕКИН, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Travel&Leisure" нашрида "Ўзбекистон ва "БМТ-Туризм": саноатни ўзгартирувчи ҳамкорлик" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатнинг бошқа дурдона шаҳарларини кашф этаётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда ва ҳукумат бу соҳани иқтисодиётнинг устувор йўналиши сифатида кўриб, уни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда", – дейилади нашрда.
Ўзбекистон халқаро майдонда фаол бўлиб, 1993 йилдан буён аъзо бўлган "БМТ-Туризм" (Бутунжаҳон туризм ташкилоти) билан ҳамкорлик ривожланишнинг асосий воситасига айланди ва мамлакатни жаҳон туризми кун тартибида етакчи ўринга кўтарди.
Ўзбекистон бошиданоқ халқаро туризм ғояларининг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори бўлишга интилди. 1994 йилдаги Самарқанд декларацияси, 1999 йилдаги Хива декларацияси, 2002 йилги Бухоро декларацияси каби муҳим ҳужжатларни Ўзбекистон илгари сурган ва қабул қилинишига эришган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуслари янада жадаллашиб, жаҳон аҳамиятига эга бўлди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилгани мамлакат таклифларининг халқаро миқёсда эътироф этилганининг муҳим тасдиғидир.
"Ўзбекистон ушбу соҳада халқаро стандартларни ўрнатишга қаратилган Хавфсиз туризм бўйича Глобал кодексини яратиш ташаббуси билан чиқди. Ташаббусни амалга ошириш учун ҳукуматлараро комиссия тузилиб, Ўзбекистон бир овоздан унинг раиси этиб сайланди. Ниҳоят, 2025 йил февраль ойида республика халқаро саёҳат кодексига расман қўшилди ва саёҳатчилар ҳуқуқлари ва замонавий хавфсизлик стандартларига содиқлигини тасдиқлади", – деб ёзилган нашрда.
Мақолада таъкидланганидек, "БМТ-Туризм" ташкилоти билан ҳамкорлик кенг қамровли бўлиб, туризмни ривожлантиришнинг барча йўналишларини қамраб олади. Маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга асосий эътибор қаратилган. "Ипак йўли" дастури доирасида Ўзбекистон ташкилотнинг етакчи ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этилади. Ташкилот шафелигида "Ипак йўли" халқаро бренди бўйича лойиҳалар, ташаббуслар ва тадқиқотларни бирлаштирган тематик офис Самарқандда фаолият кўрсатмоқда. У кейинги баҳолаш ва тавсиялар учун Ипак йўли бўйлаб саёҳатларни тарғиб қилувчи "БМТ-Туризм" ва туризм бўйича экспертларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун мўлжалланган.
"БМТ-Туризм" ташкилоти билан ҳамкорликда мамлакатда ўтказилаётган халқаро тадбирлар алоҳида ўрин тутади. Бу 2023 йил октябрь ойида Самарқандда мазкур ташкилот Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтди. Унда 140 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди ва шаҳарнинг ўзи Жаҳон маданий туризм пойтахти деб эълон қилинди. Бош Ассамблея доирасида 127 давлатдан 1200 дан ортиқ мутахассисларни жалб этган сармоявий ва таълим форумлари ўтказилди. Муҳим шартномалар имзоланди, Халқаро туризм академияси ва "Ипак йўли" тематик офиси очилди. Бу воқеа Ўзбекистон нафақат йирик халқаро форумлар ташкил этиш, балки жаҳон туризмини ривожлантириш кун тартибини белгилашга қодирлигини тасдиқлади.
"Бу ютуқларнинг барчаси Ўзбекистон халқаро туризм соҳасида етакчи давлатга айланганидан далолатдир. Мамлакат саноатнинг ички ривожланиши билан чекланиб қолмайди, балки бутун дунё учун янги стандартлар ва қадриятларни фаол равишда ўрнатмоқда. Келгуси йилларда БМТ доирасидаги янги ташаббуслар билан бир қаторда Академиянинг таълим дастурлари ҳам кенгайиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг тарихий мерос, замонавий инфратузилма ва халқаро етакчиликни ўзида мужассам этган асосий туризм маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди", – деб ёзган Хитой ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди