Марказий Осиё минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларида мавқеини мустаҳкамламоқда

Ноябрь 05, 2026. 10:00 • 4 дақ

• 383
Марказий Осиё минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларида мавқеини мустаҳкамламоқда

ОСТОНА, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 5–6 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида амалий ташриф билан бўлади ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Ақаба жараёни доирасида сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2015 йилда Иордания Подшоҳи Абдулла II томонидан асос солинган ушбу ташаббус ўтган ўн йил ичида терроризм, экстремизм ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи халқаро майдонга айланди.

Унинг асосий вазифаси – давлатлар, куч тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.

Анъанавий халқаро ташкилотлардан фарқли ўлароқ, Ақаба жараёни доимий котибият, расмий аъзолик ёки юридик жиҳатдан мажбурий механизмларга эга эмас. Учрашувларда таклифнома асосида иштирок этилади, тадбирларнинг ўзи норасмий тарзда ўтказилиб, муайян минтақалар ёки мавзули йўналишларга бағишланади.

Ўтган йиллар давомида ташаббус географияси ва кун тартиби сезиларли даражада кенгайди. Иштирокчилар Шарқий ва Ғарбий Африка, Саҳел ҳамда Болқон минтақалари билан бир қаторда, Жануби-Шарқий Осиё ва Лотин Америкасидаги хавф-хатарлар, экстремистик гуруҳларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиши, трансчегаравий жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид солаётган янги хатарларни муҳокама қилди.

Ақаба жараёни учрашувлари Иордания, Албания, Болгария, Нидерландия, Нигерия, Греция, Франция, Руанда, АҚШ, Индонезия, Сингапур, Испания, Италия, Норвегия, Бразилияда ҳамда БМТ майдонида бўлиб ўтган. Уларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, мудофаа ва куч тузилмалари етакчилари, БМТ, Интерпол, НАТО, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашган.

Ташаббус кун тартибининг такомиллашуви замонавий таҳдидлар хусусияти ўзгариб бораётганини акс эттиради. Дастлаб асосий эътибор террорчилик ташкилотлари ва радикал мафкураларга қарши курашишга қаратилган бўлса, кейинчалик кун тартибидан рақамли тарғибот, дезинформация, учувчисиз учиш аппаратлари, ҳаво ҳудуди хавфсизлиги ҳамда беқарор минтақаларда давлат институтларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.

2024 йилда Иорданияда Подшоҳ Абдулла II, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Муҳокамалар марказида Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги вазият ҳамда фаластинлик қочқинлар муаммолари бўлди.

Шунингдек ўқинг

2025 йил апрель ойида Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган саммит терроризм, ноқонуний миграция ва радикаллашувга қарши курашишга бағишланди. Унда 30 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, қатор Болқон давлатлари раҳбарлари иштирок этди.

2025 йил 14–15 октябрь кунлари Римда бўлиб ўтган Ақаба жараёни учрашуви Ўзбекистоннинг халқаро иштирокини кенгайтиришда алоҳида аҳамият касб этди. Ғарбий Африкадаги таҳдидларга қарши курашиш ва минтақавий барқарорликни таъминлашга бағишланган тадбир 20 дан ортиқ давлат, Африка Иттифоқи, БМТ, НАТО, ЕИ ва Интерпол вакилларини бирлаштирди. Унда Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қатнашди.

Подшоҳ Абдулла IIнинг 2025 йил 25–26 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги олий даражадаги музокаралар мамлакатимизнинг ушбу форматдаги иштирокини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Подшоҳининг ташаббусини юқори баҳолаб, Ақаба жараёнининг бўлажак йиғилишларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Бу тадбирлар географиясини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорларнинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларига эътиборини янада кучайтириш имконини беради.

Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда уларнинг халқаро хавфсизликка таъсири масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Сунъий интеллект иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиш билан бирга, дезинформация тарқалиши, кибертаҳдидлар ҳамда террорчилик ва экстремистик ташкилотларнинг рақамли воситалардан фойдаланиши билан боғлиқ янги хавф-хатарларни юзага келтирмоқда.

Остонада бўлиб ўтадиган учрашув Ақаба жараёни ривожининг навбатдаги босқичи бўлиб, унда илк бор Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари даражасида сунъий интеллект хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилади.

Бу давлатларга сунъий интеллектдан фойдаланишда хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашиш, умумий минтақавий хатарларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш