Logo

Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш бўйича миллий модели Буюк Британияда эътироф этилди

Июнь 01, 2024. 14:37 • 2 дақ

152
Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш бўйича  миллий модели Буюк Британияда эътироф этилди

ЛОНДОН, 1 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов бошчилигидаги делегацияси 27-29 май кунлари ташриф билан  Буюк Британияда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Оксфорд камбағалликка қарши курашиш тадқиқот марказида (Oxford Poverty and Human Development Initiative – OPHI) Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш мавзусида


илмий-амалий конференция ташкил этилди ҳамда Британия томони билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди.


Илмий-амалий конференцияда 100 дан ортиқ Оксфорд университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари иштирок этди.


Оксфорд камбағалликка қарши курашиш тадқиқот маркази директори Сабина Алкир  ўз чиқишида Янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий таъминот, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва амалга оширилаётган давлат дастурлари юқори баҳоланди.


Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг миллий модели доирасида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган стратегиялар ва дастурлар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат лойиҳалари, шу жумладан, "темир", "аёллар" ва "ёшлар" дафтарлари ҳамда "маҳаллабай" ишлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берди.


Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши кураш бўйича ташаббуслари, жумладан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ишга туширилгани, 2017 йилда ижтимоий ҳимоя олувчи оилалар сони 500 минг кишини ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 2,3 миллионга ошгани қайд этилди.


Конференция иштирокчиларга жуда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Британия томон Ўзбекистонда камбағалликни бартараф этишга қаратилган трансформация дастурлари натижасида 2021 йил бошидан буён камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизгача камайгани, деярли 2 миллион киши камбағалликдан чиқарилганини юқори баҳолади.


Тадбир якунида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш миллий тизими ва модели мутахассислар томонидан ривожланаётган мамлакатларда кенг жорий этишга энг самарали намуна сифатида эътироф этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш