Душанбедан муносабат: Марказий Осиё Евроосиёнинг мустақил дипломатик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда

Ноябрь 16, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 19
Душанбедан муносабат: Марказий Осиё Евроосиёнинг мустақил дипломатик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда

ДУШАНБЕ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остонада бўлиб ўтган Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувидаги иштироки ҳақида фикр билдирди.

– Ақаба жараёни доирасида Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари вакиллари учрашуви кенгроқ сиёсий контексти билан ҳам аҳамиятлидир. Минтақа мамлакатлари халқаро ташаббусларда иштирок этишдан аста-секин ўз халқаро кун тартибини мустақил равишда шакллантириш ва илгари суришга ўтмоқда.

Айниқса, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ўзаро ҳамкорлиги эътиборга молик. Қозоғистон учрашувга мезбон ва ҳамташкилотчи сифатида чиқиб, Остонанинг тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича халқаро мулоқот майдони сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мамлакатда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишни таклиф қилди. Бу Марказий Осиёда халқаро тузилмалар иштирокини кенгайтириш ва минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Яна бир ташаббус Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази негизида “Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат” халқаро дастурини ишга тушириш таклифи бўлди. У рақамли хавфсизлик, таълим ва экстремистик ташкилотларнинг мафкуравий таъсирига қарши курашиш масалаларини ўзида бирлаштиради.

Шунингдек ўқинг

Тожикистон Ақаба ва Душанбе жараёнларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш таклифи билан чиқди. Шунингдек, Душанбедаги Сунъий интеллект маркази салоҳиятига эътибор қаратди. Бу халқаро механизмларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва уларнинг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш учун имкониятлар очади.

Ушбу ташаббусларга давлатларнинг халқаро таъсир доираси учун рақобати сифатида қарамаслик керак. Аксинча, улар ўзаро келишилган ҳолда илгари сурилса, бутун минтақанинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Юз бераётган воқеалар Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги ўрни ўзгараётганидан далолат беради. Агар илгари минтақа асосан ташқи куч марказлари манфаатлари нуқтаи назаридан қабул қилинган бўлса, бугунги кунда унинг давлатлари ўз ечимларини тобора фаолроқ таклиф этмоқда ва халқаро кун тартибини шакллантиришда иштирок этмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистоннинг дипломатик фаоллиги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг ташаббуслари билан уйғунликда у минтақавий субъектликни мустаҳкамлашга ҳамда нафақат халқаро мулоқот иштирокчиси, балки унинг ташаббускори сифатида ҳам майдонга чиқаётган минтақа – Янги Марказий Осиёни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Истиқболда бу тенденция Марказий Осиёнинг тинчлик, хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича Евроосиёнинг мустақил дипломатик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин. Ақаба жараёни доирасидаги Остона учрашуви ана шундай ривожланишнинг далилларидан бири бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш