Туркиядан муносабат: Ўзбекистон экологик ислоҳотлар ва минтақавий ҳамкорлик орқали глобал иқлим сиёсатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
Ноябрь 15, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 165
АНҚАРА, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Анқара инқирозлар ва сиёсатни тадқиқ қилиш маркази (ANKASAM) раиси, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 10–11 ноябрь кунлари Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди.
– Иқлим инқирози нафақат экологик, балки халқаро муносабатларни ўзгартираётган геостратегик чақириққа айланиб бормоқда. Бундай шароитда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ислоҳотлар, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташаббусларни уйғунлаштирган ҳолда глобал иқлим сиёсатидаги иштирокини кенгайтирмоқда.
Оролбўйини тиклаш энг асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида туз ва чанг бўронларининг олдини олиш ҳамда экологик фалокат оқибатларини юмшатишга қаратилган кенг кўламли саксовулзорлар барпо этилмоқда.
Мамлакат хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда қуёш ва шамол энергетикасини изчил ривожлантирмоқда. Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги янги электр станциялари энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, анъанавий ёқилғига қарамликни камайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” концепцияси ислоҳотларнинг муҳим бўғинига айланди. Унинг доирасида экологик барқарорликка иқтисодий модернизация ва инвестицияларни жалб қилишнинг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасининг экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиниши табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ташаббусларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи бўлди.
Яхши қўшничилик, муроса ва умумий манфаатлар тамойилларига асосланган минтақавий дипломатия алоҳида аҳамият касб этмоқда. “Мирзиёев доктринаси” деб таърифланган ушбу ёндашув Марказий Осиёдаги экологик муаммолар, энг аввало, сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалаларини биргаликда ҳал қилишни назарда тутади.
Туркиядаги COP31 саммити ушбу ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Ўзбекистон қурғоқчиликка қарши курашиш, экологик инқирозларни бошқариш ва барқарор қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш борасидаги тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш, инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига эга бўлди.
Узоқ муддатли истиқболда “яшил” энергетиканинг ривожланиши Ўзбекистонни нафақат ўз энергия эҳтиёжларини тўлиқ қоплайдиган давлатга, балки Каспий денгизи ва Кавказ орқали Европага ҳамда Осиё бозорларига тоза электр энергияси экспорт қилувчи мамлакатга айлантириши мумкин. COP31 ушбу салоҳиятга инвестициялар жалб этиш учун қўшимча майдон вазифасини ўташи мумкин.
Экологик ислоҳотлар, минтақавий шериклик ва қайта тикланувчи энергетиканинг ривожлантирилиши Ўзбекистоннинг глобал иқлим кун тартибидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Мамлакат иқтисодий ўсиш ва экологик масъулият барқарор ривожланишга қаратилган ягона стратегиянинг узвий қисмлари бўла олишини амалда исботлашга интилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси