Logo

ИҲТга аъзо давлатлар Доимий вакиллари кенгаши Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш бўйича қарорни қабул қилди

Январ 27, 2025. 14:52 • 2 дақ

410
ИҲТга аъзо давлатлар Доимий вакиллари кенгаши Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш бўйича қарорни қабул қилди

ТЕҲРОН, 27 январь. /"Дунё" АА/. Кеча Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Туризм бўйича маслаҳат қўмитаси ташкил этилганини эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Таъкидлаш керакки, 2023 йил 9 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТнинг 16-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Котибият ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертларидан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Эрондаги элчихонаси (Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили) томонидан, Туризм қўмитаси ва ИҲТ Туризм департаменти билан ҳамкорликда мазкур ташаббусни амалга ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, юртимиз элчихонаси томонидан ИҲТ Доимий вакиллари кенгаши йиғилишларида мазкур масала муҳокамага қўйилди. Шунингдек, 2024 йил 3 декабрь куни Эроннинг Машҳад шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 28-йиғилиши кун тартиби ва "Машҳад коммюникеси"га киритилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси томонидан олиб борилган бир қатор музокаралар натижасида, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан, Эрон, Туркия, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон томонидан мамлакатимиз раҳбари ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватланди.

2024 йил 24 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида бўлиб ўтган ушбу тузилмага аъзо давлатлар Доимий вакиллари кенгашининг 291-йиғилишида мазкур қўмитани ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди.

 Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрига "2024 йил – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти" мақоми берилган эди. Мазкур йил муносабат билан 2024 йил 25-26 апрель кунлари Шаҳрисабзда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида халқаро форум ва бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш