Туркиядан муносабат: Ўзбекистон–Чехия муносабатлари юқори даражада прагматик кўриниш касб этмоқда
Май 01, 2026. 16:25 • 3 дақ
• 66
АНҚАРА, 1 май. /“Дунё” АА/. Туркия Стратегик тадқиқотлар ва тараққиёт маркази бошқаруви раиси Юнус Эмре Канат “Дунё” ААга Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг 29–30 апрель кунлари Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи якунлари бўйича фикр билдирди:
– Бош вазир Андрей Бабишнинг 29–30 апрель кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи оддий протокол тадбири эмас, балки анча кенг сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга воқеадир. Бу Европанинг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши нафақат сақланиб қолаётгани, балки тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Институционал жиҳат алоҳида эътиборга молик. Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси ҳали расман очилмаган бўлса-да, тайёргарлик жараёнида ҳам самарали иш механизмларини йўлга қўйишга ва юқори даражадаги алоқаларни ташкил этишга сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Бундай жадал натижалар кўп жиҳатдан икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва конструктив, дўстона муносабатлар туфайли юзага келди. Бу эса қулай сиёсий муҳит ва ўзаро манфаатдорлик янги дипломатик миссиялар ҳатто қисқа муддатда ҳам амалий натижалар бериши ва ҳамкорликни кенгайтиришга мустаҳкам пойдевор яратишини кўрсатади.
Тошкентда Ўзбекистон–Чехия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бундай платформалар бугунги кунда сиёсий келишувларни тезкор равишда амалий бизнес шартномаларига айлантирадиган ҳамкорлик муҳитини шакллантирмоқда. Бу эндиликда шунчаки фикр алмашиш эмас, балки саноатдан инновацияларгача бўлган аниқ соҳалардаги кенг кўламли ҳамкорликдир.
Учрашувларда қатор икки томонлама ҳужжатларнинг имзолангани алоҳида эътиборга молик. Муҳими, бу ерда гап умумий ёки декларатив сиёсий келишувлар ҳақида эмас, балки амалий ва прагматик ёндашув ҳақида кетмоқда. Томонлар аниқ баёнотлардан кўра, яқин келажакда сезиларли натижа бериши мумкин бўлган ҳамкорлик механизмларига таянаётгани билан ажралиб турибди.
Туркия нуқтаи назаридан, Ўзбекистон–Чехия ҳамкорлигининг фаоллашуви кенгроқ минтақавий тенденциянинг мантиқий давоми сифатида кўринади. Ўзбекистон ҳамкорлар доирасини изчил кенгайтириб, минтақа бўйича асосий инвестиция ва ҳамкорлик марказларидан бирига айланмоқда. Бу эса нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлайди, балки кўп томонлама иқтисодий ҳамкорлик учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ташриф шунчаки дипломатик календардаги навбатдаги тадбир эмас, балки чуқурроқ стратегик ўзгаришнинг ифодасидир. Ўзбекистон Евроосиё маконида фаол ва талабгир давлат сифатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси