Ўзбекистон ва Ҳиндистон стратегик шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда
Август 29, 2026. 09:10 • 6 дақ
• 21
ТОШКЕНТ, 29 август. /“Дунё” АА/. 29–30 август кунлари Ҳиндистон Бош вазири расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бугунги кунда Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатлари барқарор ривожланиш, сиёсий мулоқотнинг юқори даражаси ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг изчил кенгайиб бораётгани билан ажралиб туради.
Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 26 декабрь куни олган. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 18 март куни ўрнатилган. 1992 йил сентябрь ойида Деҳлида Ўзбекистон консулхонаси очилди ва 1994 йилда у элчихонага айлантирилди. 1988 йил август ойида Тошкентда очилган Ҳиндистон Бош консулхонаси 1992 йилда элчихона мақомига эга бўлди.
1991 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда олий даражадаги 12 та ўзаро ташрифнинг амалга оширилгани икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот мунтазам эканидан далолат беради.
Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари алоҳида ўрин тутади. 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди. 2019 йил 17–18 январь кунлари эса Ўзбекистон Президенти “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди.
2018–2019 йиллардаги ташрифлар доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард долларга тенг 98 та савдо-инвестициявий ҳужжат имзоланди.
2020 йил 11 декабрь куни Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазирининг онлайн-саммити бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича тўққизта икки томонлама битим имзоланди ҳамда Яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди.
Сўнгги йилларда ҳам икки мамлакат етакчиларининг алоқалари изчил ривожланмоқда. 2024 йил 23 октябрь куни Қозон шаҳрида БРИКС саммити доирасида Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистон Бош вазири билан учрашуви ўтказилди. 2025 йил 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида ШҲТ саммити доирасида давлат етакчиларининг музокаралари ўтказилди.
Парламентлараро ҳамкорлик ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. 2020 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари – Ражья Сабҳа ва Лок Сабҳа билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилди.
2025 йил февраль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери томонидан Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси – Лок Сабҳа билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳининг янги таркиби тасдиқланди.
Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси Спикери Ом Бирла бошчилигидаги делегациянинг 2025 йил 5–11 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей сессияси ишида иштирок этиши муҳим воқеа бўлди.
2026 йил февраль ойида Лок Сабҳа Спикери томонидан парламентнинг юқори ва қуйи палаталари вакилларидан иборат Олий Мажлис билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳнинг янги таркиби тасдиқланиши парламент дипломатиясини янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик Ўзбекистон–Ҳиндистон шериклигида муҳим аҳамият касб этади. 1992 йилда қабул қилинган Иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги тўғрисидаги битим икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг асоси бўлиб, унга мувофиқ ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш режими жорий этилган.
Шунингдек, 2024 йилда ўзаро инвестицияларни кенгайтириш ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратувчи Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 33,3 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард доллардан ошди. Ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида ўзаро савдо ҳажми 598 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,5 фоизга кўпдир.
Ўзаро савдо таркиби хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон экспортининг асосини кимё маҳсулотлари, хизматлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, рангли металлар ҳамда улардан тайёрланган буюмлар ташкил этади.
Ҳиндистондан қилинадиган импортда эса фармацевтика маҳсулотлари, озиқ-овқат товарлари, механик ускуналар, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, кимё ва электротехника маҳсулотлари салмоқли улушга эга.
1992 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади. 2026 йил 19 июнь куни Тошкентда Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши бўлиб ўтди ва унинг доирасида икки мамлакатнинг 150 нафардан ортиқ тадбиркори иштирокида Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес-форуми уюштирилди. Фармацевтика, таълим, ахборот технологиялари ва “яшил” энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йил 3 август куни Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес-форуми ишбилармонлик алоқаларига қўшимча туртки берди. Бундай платформаларнинг ўтказилиши тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашга хизмат қилади.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларида алоҳида ўрин тутади ва икки мамлакат халқларининг тарихий ришталари ҳамда бир-бирининг маданий-маънавий меросига бўлган ўзаро қизиқишига таянади.
1995 йилда Тошкентда очилган Ҳиндистон маданият маркази гуманитар алоқаларни ривожлантиришда муҳим маскан ҳисобланади. 2005 йилда у Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази деб қайта номланди.
1998 йилдан буён Деҳлида Ҳиндистон–Ўзбекистон дўстлик жамияти фаолият юритиб, икки мамлакат ўртасидаги ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳридаги 24-сонли мактаб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда ушбу олий ўқув юртининг академик лицейида ҳинд тили ўқитилади.
Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта олий таълим муассасаси – Тошкентдаги Амити университети, Андижондаги Шарда университети, Жиззахдаги Самбҳрам университети ва Бухородаги Ачарья университетининг филиаллари фаолият юритмоқда. Асосий таълим йўналишлари ахборот-коммуникация технологиялари, электротехника ва бизнес-менежментни ўз ичига олади.
2019 йил 24 июль куни Тошкент шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг ташкил этилиши технологик ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлди.
Талабалар алмашинуви сезиларли даражада кенгаймоқда. 2026 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 13 мингдан ортиқ ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Шу билан бирга, Ҳиндистонда ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш ҳам ривожланиб бормоқда. 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб Деҳлидаги Жамия Миллия Исломия университетида 2004 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ўзбек тили ва адабиёти бўйича қисқа муддатли курслар бакалавриатнинг академик дастури даражасига кўтарилди. Университетнинг иккита ўқув биносига Шарқнинг буюк мутафаккирлари – Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари берилган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сайёҳлик алоқалари ижобий ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳиндистонлик сайёҳлар сони 2020 йилдаги 4,8 мингдан 2025 йилга келиб 80 минг кишидан ошди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон кўп томонлама даражада фаол ҳамкорлик қилиб, умумий манфаатларни илгари суриш ва сиёсий мулоқотни ривожлантиришда халқаро ва минтақавий ташкилотлардан муҳим платформа сифатида фойдаланмоқда.
Икки давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, БРИКС, Жаҳон савдо ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматидир. У Ҳиндистон ва минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади. Шунингдек, Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатларни бирлаштирган ва уларнинг манфаатларини халқаро кун тартибида илгари суришга қаратилган “Глобал Жануб овози” форматида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларининг жадал ривожланиши сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, гуманитар ва ҳамкорликнинг бошқа соҳаларини қамраб олувчи шаклланган шартномавий-ҳуқуқий базага таянади. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 110 дан зиёд ҳужжат имзоланган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон шерикликни янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳиятга эгадир. Сиёсий ишонч, ўсиб бораётган иқтисодий алоқалар, сармоявий имкониятлар, гуманитар ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашдаги умумий манфаатларнинг уйғунлиги янги кенг кўламли лойиҳаларга ўтиш ҳамда кенг қамровли стратегик шерикликнинг узоқ муддатли мақсадларига эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси