Ригадан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалараро янги транспорт-логистика алоқаларини тобора кенгайтирмоқда

Август 26, 2026. 16:30 • 3 дақ

216
Ригадан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалараро янги транспорт-логистика алоқаларини тобора кенгайтирмоқда

РИГА, 26 август. /“Дунё” АА/. Латвия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти директори Нина Линде “Дунё” ААга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг жорий йил 23–24 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда катта роль ўйнайди.

Бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу муносабатлар ўзаро ишонч, тарихий яқинлик ва барқарор иқтисодий тараққиётдан умумий манфаатдорликка асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳи билан ажралиб туради. Президент Илҳом Алиевнинг бу галги ташрифи ушбу ҳамкорлик нақадар изчил ва жадал ривожланаётганини яна бир бор намоён этди.

Музокараларнинг муҳим натижаси – икки давлат муносабатларига узоқ муддатли ва стратегик асос бағишлайдиган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилиши эса эришилган келишувларни амалга оширишнинг самарали механизми шаклланаётганидан далолат беради.

Ташрифнинг иқтисодий жиҳати алоҳида аҳамиятга молик. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда энергетика, геология, кимё саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда янги лойиҳаларни амалга ошириш вазифасини қўйди. Бу Боку ва Тошкент ўртасидаги сиёсий иттифоқ тобора аниқ иқтисодий мазмун билан бойиб бораётганини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида истиқболга эга. Транскаспий йўналишини биргаликда илгари суриш ва Ўрта коридор самарадорлигини ошириш Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ўзаро боғлиқлигини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Минтақа давлатларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш эса Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга қўшимча туртки беради.

Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалар ўртасида янги транспорт-логистика алоқаларини шакллантириш учун улкан имкониятларга эга. Уларнинг бу соҳадаги ҳамкорлиги нафақат икки томонлама манфаатларга, балки бутун Евроосиё маконининг иқтисодий ўзаро боғлиқлиги ва барқарор ривожланишига доир вазифаларга ҳам жавоб беради.

Таълим, маданият, илм-фан, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш икки мамлакат халқларини янада яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси очилиши ва Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи лойиҳасининг ишга туширилиши гуманитар алоқалар кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади ва узоқ истиқболда минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил иқтисодий тараққиётни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бирига айланиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш