Ўзбекистон-Туркманистон: азалий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига содиқлик тимсоли
Октябрь 11, 2024. 07:35 • 5 дақ
• 612
ТОШКЕНТ, 11 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча атоқли туркман мутафаккири, Шарқ мумтоз адабиётининг етук намояндаси, шоир ва маърифатпарвар Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун Туркманистонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушба ташриф мамлакатларимиз чуқур тарихий илдизларга эга бўлган яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш сиёсатига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон ва Туркманистон минтақадаги яқин қўшнилар ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлардир. Давлатларимиз мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган самарали сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш орқали ҳамкорликни фаоллаштириш йўлини белгилаб олди.
Туркманистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудудини яратиш, минтақанинг халқаро майдондаги роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган замонавий очиқ, конструктив ташқи сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича икки давлатнинг нуқтаи назари ва позициялари мос келади ёки ўхшашдир.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда давлатлараро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
2017 йил икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда тарихий палла бўлди. Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга учта ташрифи, жумладан, 6-7 март кунлари давлат ташрифи амалга оширилди. Бу давлатимиз раҳбарининг олий лавозимга сайланганидан кейинги илк расмий хорижий сафаридир. Ушбу чуқур рамзий қадам икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди ҳамда уларга динамик ва кенг қамровли тус берди.
2022 йилда икки давлат раҳбарлари ўзаро расмий ташрифларни, 2023 йилда эса кўп томонлама шаклларда иштирок этиш доирасида амалий ташрифлар билан алмашдилар. Ушбу учрашувлар, шубҳасиз, Марказий Осиёдаги умумий минтақамизда узоқ муддатли барқарор шериклик, тинчлик ва яхши қўшничиликни ривожлантириш ва кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Юқори даражадаги ҳамкорлик ҳам изчил ривож топмоқда. Парламентлараро ва идоралараро алоқалар ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда мустаҳкамланиб бораётир.
Бугунги кунда 314 та икки томонлама, жумладан, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлардан иборат бўлган ҳуқуқий база шаклланган.
Шунингдек, Туркманистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири ҳисобланади. 2023 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, жорий йилнинг январь-август ойларида ушбу кўрсатгич қарийб 520 миллион долларга етди.
Минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорлик икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Туркманистоннинг Лебап ва Дашогуз велаятлари ўртасида самарали алоқалар ўрнатилди. Томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида Туркманобод шаҳрида иккинчи Ҳудудлараро форумини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
Икки давлат минтақада йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Транспорт соҳаси ҳам муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ўтайди.
Ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига боғлаб турадиган тарих, маданият ва урф-одатлар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар ришталарни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки давлат ҳудудларида ўтказилаётган турли маданий тадбирлар, концертлар, фестиваль ва танловлар, спорт мусобақаларида доимий тарзда иштирок этади.
Ўзбекистондаги туркман диаспораси салкам 200 минг кишини ташкил қилади. Юртимизда туркман тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Хусусан, Ўзбекистонда туркман тилида таълим берадиган 44 та мактаб мавжуд. Қорақалпоқ давлат университети туркман филологияси, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда.
Ўзбекистон телевидениесининг марказий "Ёшлар" ва Қорақалпоғистондаги "Дияр" радиоканалида туркман тилида дастурлар эфирга узатилмоқда.
Албатта, ўзаро маданий алмашинув халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни оширишга хизмат қилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг бўлажак ташрифи нуқтаи назаридан Ўзбекистонда туркман халқининг буюк фарзанди Махтумқули Фироғийнинг бой мероси барчага маълум ва юксак қадрланаётганини алоҳида таъкидлаш муҳимдир.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги босқич бошланган бугунги кунда Махтумқули Фироғийнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Шоир хотирасига 2017 йил май ойида ўзбек ва туркман халқларининг абадий дўстлиги ва биродарлиги белгиси сифатида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига буюк туркман шоири Махтумқули Фироғий номи берилди ва унинг шарафига ёдгорлик ўрнатилди. Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан пойтахтимизда Ашхобод боғи фаолияти йўлга қўйилди. Хивада барпо этилган Махтумқули ёдгорлик мажмуаси ҳам унинг ижоди мухлисларини ўзига тортадиган масканга айланган.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизда шоир таваллудининг 300 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингани ўзбек халқининг Махтумқули Фироғийга, унинг шахсида эса қардош туркман халқига ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин ифодаси бўлди. Ҳужжатда Махтумқули Фироғийнинг "Танланган асарлари"ни ҳамда унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий мақолалар тўпламини чоп этишга тайёрлаш ва нашр этиш, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида спектакль саҳналаштириш ва Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм яратиш кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг атоқли туркман шоири ва мутафаккири таваллудининг 300 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиши қардош туркман халқининг маданияти ҳамда меросига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилишини яна бир бор тасдиқлайди ва, албатта мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси