АҚШ маъмурияти бутун дунё бўйлаб виза суҳбатларига ёзилишни тўхтатди
Август 26, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 86
ВАШИНГТОН, 26 август. /“Дунё” АА/. АҚШ иммиграция сиёсати кучайтирилиши фонида бутун дунё бўйлаб виза олиш учун ариза топширувчилар билан суҳбат ўтказишга ёзилишни тўхтатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
АҚШ Давлат департаменти вакилининг маълум қилишича, идора Америка элчихоналари ва консулликлари ходимларини ўқитиш бўйича глобал дастурни ишга туширган. Шу муносабат билан виза хизматлари жадвалларига тузатишлар киритилади.
Идора маълумотларига кўра, ўқув машғулотлари консуллик ходимларига АҚШнинг давлат ижтимоий нафақаларига қарам бўлиб қолиши мумкин бўлган аризачиларни аниқлашга ёрдам бериш ҳамда номзодларни ҳар томонлама ва изчил баҳолашни таъминлашга қаратилган.
Бунга қадар “Financial Times” нашри ҳам суҳбатга ёзилиш тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотига кўра, иммиграцион виза учун суҳбат куни белгиланган аризачилар учрашувнинг бошқа вақтга кўчирилгани тўғрисида билдиришнома олган. Янги саналар кейинроқ эълон қилинади.
Вашингтон иммиграция сиёсатини қатъийлаштириш бўйича кенг кўламли кампания олиб бормоқда. У депортация қилиш, виза ва грин-карталарни бекор қилиш, турли асослар, жумладан, сиёсий қарашлар туфайли ҳужжатлар беришни рад этиш каби чораларни ўз ичига олади.
АҚШ маъмуриятининг бу сиёсати суд тўсиқларига дуч келди. Ўтган ҳафта Америка суди 75 мамлакат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Бу қарор Давлат котиби Марко Рубионинг ваколат доирасидан четга чиқиши дея баҳоланди.
Сиёсатнинг қатъийлаштирилиши нафақат ноқонуний, балки қонуний иммиграцияга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, айрим тоифадаги иш визалари учун янги ва юқорироқ йиғимлар жорий этилаяпти.
“Bloomberg” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси