“Alliance-press.kg”: Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро манфаатлар асосида иқтисодий шерикликни кенгайтирмоқда
Октябрь 17, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 85
БИШКЕК, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Alliance-press.kg” ахборот агентлигида “C5+1” форматида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги мулоқотнинг кенгайиши инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар эшигини очади. Хусусан, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган бўлажак учрашув минтақавий иқтисодий ҳамкорликка янги суръат бағишлаши ва Марказий Осиё ҳамда АҚШ ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашига алоҳида эътибор қаратилган.
Муаллиф “C5+1” формати сиёсий мулоқотни энергетика, транспорт, муҳим минераллар ва рақамли технологиялар соҳасидаги аниқ йўналишлар билан уйғунлаштирган ҳолда босқичма-босқич амалий иқтисодий мазмун касб этаётганини таъкидлайди. Бу борада эришилган келишувлардан тегишли молиялаштириш ва технологик ечимлар билан таъминланган реал инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ўтиш энг муҳим шартлардан бири ҳисобланади.
Нашрда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг босқичма-босқич кенгайиб бораётгани, ўзаро савдо динамикаси, Америка капитали иштирокидаги корхоналар сонининг ортиши ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этишнинг янги механизмлари яратилаётгани эътироф этилган. Қайта ишлаш саноати, энергетика инфраструктураси, логистика ва юқори технологияли ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамкорликнинг истиқболли соҳалари сифатида кўрсатилган.
Агентлик баҳосига кўра, ўзбек-америка шериклигининг мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг халқаро капитални жалб этиш ва миллий иқтисодиётни глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграция қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Минтақавий ҳамкорлик формати эса транспорт боғлиқлиги, энергетика хавфсизлиги ва савдо-иқтисодий алоқалар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси