Logo

Германиядан муносабат: Ўзбекистон ва Хитой иқтисодий ўсиш, минтақавий барқарорлик ва адолатли дунё тартиби учун ишончли шериклар сифатида олға интилмоқда

Июнь 23, 2025. 16:24 • 2 дақ

170
Германиядан муносабат: Ўзбекистон ва Хитой иқтисодий ўсиш, минтақавий барқарорлик ва адолатли дунё тартиби учун ишончли шериклар сифатида олға интилмоқда

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 23 июнь. /"Дунё" АА/. Мерзебург амалий фанлар университети ҳузуридаги давлат коллежи директори, профессор Минг Ченг "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзолангани ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон ва Хитой стратегик ҳамкорликни давомли чуқурлаштириб, навбатдаги муҳим босқичга эришгани таҳсинга лойиқ. 2025 йил 17 июнь куни Остонада бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Хитой" саммити доирасида Президенти Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунланганлиги тўғрисидаги баённоманинг имзоланиш жараёнида иштирок этишди. Бу Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига тўлиқ интеграциялашуви йўлидаги муҳим қадамдир.

Шунингдек, ушбу қадам мамлакат савдо сиёсатининг тарихий ютуғи ҳисобланади. Шу ўринда, икки томонлама ҳамкорликнинг кенг қамровлилиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, "яшил" энергетика, нефть ва газ, кимё ва фармацевтика саноати, металлургия, логистика, интеллектуал қишлоқ хўжалиги, энг янги технологиялар ва BYD электромобилларини ишлаб чиқариш шулар жумласидандир. Шунингдек, ҳудудий ўзаро боғлиқлик учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард АҚШ долларига етди, қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса 60 миллиард доллардан ошди, бу эса икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги ишончни кўрсатади. Қўшма технопарклар, махсус саноат зоналари ва Хитойнинг етакчи молия институтлари билан фаол ҳамкорлик, хусусан, Хитой Экспорт-импорт банкининг Тошкентда минтақавий филиали очилиши шерикликнинг узоқ муддатли ва барқарор хусусиятини тасдиқлайди.

Ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, Хитой Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети филиали, Пекин университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро математика маркази, Хитойнинг "Лу Бан Воркшоп" касбий таълим моделининг жорий этилиши, Конфуций институтининг 20 йиллиги нишонланиши – буларнинг барчаси таълим ва фан соҳасидаги чуқурлашиб бораётган ҳамкорликни акс эттиради.

Ҳар икки мамлакатда режалаштирилган маданият ва санъат ҳафталиклари ҳамда ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги стратегик мулоқотнинг бошланиши эса ўзаро шерикликни мустаҳкамлашга қўшимча туртки бермоқда. БМТ, ШҲТ ва "Хитой – Марказий Осиё" форматлари доирасидаги келишилган ҳаракатлар томонларнинг умумий геосиёсий қарашларини таъкидлайди.

 Мухтасар айтганда, Остонада бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув Ўзбекистон-Хитой иқтисодий ўсиш, минтақавий барқарорлик ва адолатли жаҳон тартиботи йўлида ишончли шериклар сифатида олдинга интилаётганини аниқ намойиш этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш