Покистондан муносабат: ТХИФ-2026даги келишувлар нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки бутун минтақа тараққиётига хизмат қилади

Июнь 19, 2026. 08:10 • 3 дақ

220
Покистондан муносабат: ТХИФ-2026даги келишувлар нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки бутун минтақа тараққиётига хизмат қилади

ИСЛОМОБОД, 19 июнь. /“Дунё” АА/. V Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчиси, Покистоннинг “City2sky” компанияси тижорий ишлар бўйича директори Мубин Таслим “Дунё” ААга ТХИФ ҳамда мамлакатимиз тараққиёти ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди:

– Бешинчи бор ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман. Ушбу нуфузли тадбир нафақат Марказий Осиёдаги энг муҳим инвестиция платформаларидан бири, балки турли давлатлар, молия институтлари ва бизнес ҳамжамияти вакилларини бирлаштирувчи самарали мулоқот майдонига айланганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форумдаги нутқи менда катта таассурот қолдирди. Давлатингиз раҳбари жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон очиқ ва прагматик иқтисодий сиёсатни изчил давом эттиришини таъкидлади. Президент томонидан инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан тўлиқ кафолатланиши ҳақида билдирилган қатъий позиция хорижий бизнес вакиллари учун муҳим ишонч омили бўлди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини жадаллаштираётгани, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам бизнес муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Президент ўз нутқида «яшил» иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбалари, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида урғу берди. Бу эса келажакда юқори қўшилган қийматга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар халқаро инвесторлар эътиборини тобора кўпроқ жалб этмоқда. Хусусан, мамлакат раҳбарияти томонидан очиқ иқтисодиётни шакллантириш, давлат иштирокини қисқартириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва халқаро бизнес учун қулай муҳит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар юқори баҳога лойиқ.

Ўзбекистонда логистика соҳасида фаолият юритаётган компания сифатида биз учун энг муҳим жиҳатлардан бири — инвестиция муҳитининг барқарорлиги ва шаффофлигидир. Ўзбекистонда валюта конвертациясининг эркинлаштирилиши, солиқ тизимининг соддалаштирилиши, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши ҳамда лицензия ва рухсат бериш жараёнларининг енгиллаштирилиши хорижий инвесторлар учун янги имкониятларни очиб берди. Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланаётгани бизнес юритишдаги ишончни янада оширмоқда.

Фикримча, Ўзбекистоннинг геостратегик жойлашуви уни минтақанинг муҳим иқтисодий ва логистика марказларидан бирига айлантириш учун катта имкониятлар яратади. Мамлакатнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк сифатидаги ўрни, транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт ва туризм соҳаларидаги улкан салоҳияти Покистон ишбилармон доиралари учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани, икки мамлакат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва янги транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича намоён этилаётган сиёсий ирода бизнес учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш