“An-Nahar”: Ўзбекистон инвесторлар учун тобора жозибадор мамлакатга айланмоқда

Июнь 21, 2026. 11:30 • 2 дақ

91
“An-Nahar”: Ўзбекистон инвесторлар учун тобора жозибадор мамлакатга айланмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг “An-Nahar” нашрида V Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумининг бешинчи анжуманини очиб берган. Тадбирда Албания Президенти Байрам Бегай ҳам иштирок этди. Шу билан бирга, қатор ҳукумат аъзолари, юқори лавозимли амалдорлар, халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, дунё бўйлаб йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда инвесторлар қатнашди.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида ушбу форум халқаро иқтисодий ва инвестициявий мулоқот учун муҳим платформага айланганини таъкидлади. У бу ҳолат Ўзбекистонга бўлган халқаро ишончнинг ортиб бораётганини акс эттиришини қайд этиб, мамлакат кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш орқали инвестиция муҳитини янада рақобатбардош, шаффоф ва жозибадор қилишга интилаётганини билдирди.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон очиқ иқтисодий сиёсатга асосланган ривожланиш йўлини танлаган бўлиб, узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Хорижий инвестициялар нафақат молиявий ресурсларни жалб қилиш, балки замонавий технологияларни олиб кириш, саноатни маҳаллийлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Албания Президенти Байрам Бегайнинг фикрича, Ўзбекистон билан иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. У икки томонлама муносабатлар янги очиқлик ва яқинлашув босқичига кирганини алоҳида таъкидлади.

Байрам Бегайнинг маълум қилишича, Албания Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги истиқболли ҳамкор деб билади ва савдо, саноат, қайта тикланувчи энергетика, туризм ҳамда логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни истайди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш