Ўзбекистон ва Испания ўртасида триатлон бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади

Июнь 21, 2026. 12:30 • 2 дақ

45
Ўзбекистон ва Испания ўртасида триатлон бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Ўзбекистон ва Испания ўртасида триатлон бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади

МАДРИД, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси дипломатлари Халқаро триатлон иттифоқи президенти Антонио Фернандес Аримани ҳамда Испания триатлон федерацияси президенти Хосе Идальго билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Испания ўртасида триатлон соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.

Испаниялик ҳамкорлар 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонга уюштирилган ташриф натижаларини юқори баҳолаб, унинг доирасида икки мамлакат триатлон федерациялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганини таъкидлади. Томонларнинг фикрича, навбатдаги босқич эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат бўлади.

Учрашувда спортчиларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Испания томони истиқболли спортчиларни саралаб олиш учун жорий ойда Ўзбекистонга бир гуруҳ мутахассисларни юборишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берди. Саралашдан ўтган спортчилар Испаниядаги ихтисослаштирилган ўқув-машғулот марказларида ўз тайёргарлигини давом эттириши ва маҳоратини ошириши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Тошкентда бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчаси ҳудудида Марказий Осиё мамлакатлари учун халқаро триатлон академик марказини ташкил этиш ташаббусини ҳам муҳокама қилди. Испаниялик ҳамкорларнинг фикрича, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонда спортчилар, мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган замонавий минтақавий спорт хабини шакллантириш имконини беради.

Музокараларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳавий ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда спортчиларни тайёрлаш, спорт таълими ва халқаро мусобақалар ўтказиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан томонлар бирдек манфаатдор экани маълум қилинди.

Учрашув сўнггида Халқаро триатлон иттифоқи ҳамда Испания триатлон федерацияси президентларига Ўзбекистон триатлон федерацияси номидан эсдалик совғалари топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш