Испаниядан муносабат: Остона саммитида Орол муаммосига янги ёндашувлар илгари сурилди
Апрель 24, 2026. 12:25 • 3 дақ
• 170
МАДРИД, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Пан-Европа Иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес (Испания) “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 21–22 апрель кунлари Остонага қилган амалий ташрифи якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Қозоғистон раислигида Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари иштирокида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишини катта қизиқиш билан кузатиб бордим.
Саммитнинг юқори даражада ташкил этилганини ва унинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаш керак. Қабул қилинган қарорлар ва имзоланган Остона баёноти экологик муаммолар, айниқса, Орол денгизи инқирози билан боғлиқ масалаларга ўз вақтида чора-тадбир кўришга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг сувдан фойдаланиш ва экологик барқарорлик масалаларига доир комплекс ҳамда прагматик ёндашуви алоҳида эътиборга лойиқ. Тақдим этилган ташаббуслар, жумладан, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, ресурсларни бошқаришни рақамлаштириш ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш жиддий сиёсий иродани ҳамда аниқ натижаларга эришишга қатъий интилишни намоён этади.
Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёев нутқи ва ташаббуслари юксак баҳога сазовор. Унинг Марказий Осиёдаги сув-экология муаммоларини ҳал этишга ёндашуви аниқ ва аллақачон амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан мустаҳкамланган стратегик тафаккурни намойиш этади.
Сувни тежовчи технологияларнинг кенг кўламда жорий қилиниши, сув ресурсларини бошқаришнинг рақамлаштирилиши, ирригация инфратузилмасининг модернизация қилиниши ва соҳада энергия сарфининг тизимли равишда камайтирилиши Ўзбекистон сув хўжалигида чуқур ва изчил трансформация юз бераётганидан далолат беради.
Айниқса, олиб борилаётган сиёсатнинг миллий кун тартиби доирасидан чиқиб, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон етакчиси Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг асосий мувофиқлаштирувчи институт сифатидаги ролини кучайтиришни илгари сурар экан, Марказий Осиёда ишонч, ўзаро масъулият ва узоқ муддатли истиқболга асосланган ҳамкорликнинг янги моделини шакллантирмоқда. Сув танқислиги ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ чақириқлар кучайиб бораётган шароитда бундай ёндашув ўта муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг жамғарма доирасидаги бўлажак раислиги учун илгари сурилган устувор йўналишлар Оролни қутқариш халқаро жамғармасига янги суръат бағишлаш, унинг самарадорлигини ошириш ва минтақавий интеграциянинг муҳим механизми сифатидаги ролини мустаҳкамлашга бўлган интилишни акс эттиради. Минтақавий форматларни синхронлаштириш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар айниқса муҳимдир.
Муаммонинг гуманитар ва таълимий жиҳатларига қаратилаётган эътибор алоҳида эътирофга лойиқ. Сувга нисбатан эҳтиёткорона муносабат маданиятини шакллантириш ва бу тамойилларни таълим тизимига интеграция қилишга берилаётган урғу ижтимоий онгни ўзгартирмай туриб барқарор ривожланишга эришиб бўлмаслигини чуқур англашни ифодалайди. Бу ғоя универсал аҳамиятга эга бўлиб, барқарор ривожланишга доир замонавий глобал ёндашувларга тўла мос келади.
Ўйлашимча, таклиф этилган ташаббуслар, жумладан, “Келажак суви” дастури ва “Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги”ни ўтказиш ғояси халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланиши ва самарали минтақавий экологик дипломатия намунаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Европа экспертлар ҳамжамияти Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ривожини катта қизиқиш билан кузатмоқда ҳамда конструктив мулоқотга, тажриба алмашишга ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Ишончим комилки, эришилган келишувлар минтақанинг барқарор ривожланиши ва миллионлаб инсонлар ҳаёти сифатини яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси