“Kyiv diplomatic”: Ўзбекистон Президентига Самарқандда барпо этилаётган “Буюк ипак йўли” музейи лойиҳаси тақдим этилди
Апрель 24, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 64
КИЕВ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Украинанинг “Kyiv diplomatic” нашрида Ўзбекистонда маданият ва туризм соҳасидаги янги лойиҳалар бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Самарқандда барпо этилаётган “Буюк ипак йўли” музейи лойиҳаси энг муҳим ташаббуслардан биридир. Мазкур мажмуада 6 мингдан зиёд ноёб археологик ва санъат экспонатлари намойиш этилади. Музей таркибида болалар академияси, консервация ва тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар маданият соҳасини ривожлантириш учун 82 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратишни режалаштирган.
Бу маблағ республика бўйлаб 839 та маданият марказини трансформация қилиш ва инфратузилмасини янгилашга йўналтирилади. Шу билан бирга, медиамаконда миллий контентни кўпайтиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Туризм тармоғидаги кўрсаткичлар ҳам халқаро экспертлар эътиборида. Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга 3 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (ўсиш 37 фоиз), туризм хизматлари экспорти эса 1,1 миллиард долларга етган. Давлат раҳбари томонидан 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини 20 миллионга етказиш вазифаси қўйилган.
Бу мақсадга эришиш учун 2026–2027 йилларда 31 та бош режа асосида 40 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Сайёҳлик маҳаллалари ва қишлоқлари сони 84 тага етказилади. Шунингдек, хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича тарғибот харажатларининг 25 фоизигача қисми давлат томонидан қоплаб берилиши каби тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
Нашрнинг хулоса қилишича, Ўзбекистоннинг бу каби изчил ислоҳотлари мамлакатни минтақанинг энг йирик маданий ва сайёҳлик марказига айлантиришга қаратилган стратегик қадамдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси