Logo

Наманганда ишбилармон аёллар халқаро форуми ўтказилади

Апрель 24, 2026. 16:55 • 2 дақ

164
Наманганда ишбилармон аёллар халқаро форуми ўтказилади

АР-РИЁЗ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Al Riyadh” газетасида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё аёл тадбиркорлари форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилаётган ушбу форум жорий йилнинг 31 май – 2 июнь кунлари Наманган вилоятида ўтказилади. Тадбирда минтақа давлатларининг етакчи аёл тадбиркорлари, халқаро ташкилотлар ва соҳавий ассоциациялар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Мақолада қайд этилишича, ташкилий қўмита саудиялик аёл тадбиркорларни ҳам ушбу форумга расман таклиф этган. Бу қадам Саудия Арабистони ва Ўзбекистон хусусий секторлари ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликнинг тобора юксалаётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Форумдан кўзланган асосий мақсад – ишбилармон хотин-қизлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ва тажриба алмашинуви учун платформа яратиш ҳамда саноат ва савдо соҳаларидаги янги инвестиция имкониятларини ўрганишдан иборат.

“Al Riyadh” газетасининг таъкидлашича, бу каби халқаро учрашувлар саудиялик аёл тадбиркорлар учун “Vision 2030” дастури доирасидаги муваффақиятли тажрибаларини намойиш этиш ва Ўзбекистон каби истиқболли бозорларда ҳамкорлик ўрнатиш учун қулай имкониятдир. Чегаралараро шериклик нафақат тижорий танлов, балки Саудия Арабистонининг Осиё минтақасидаги иқтисодий иштирокини кенгайтириш учун стратегик заруриятга айланиб бормоқда.

Форум доирасида Марказий Осиёдаги иқтисодий ўзгаришларда аёлларнинг роли ва ўзаро товар ҳамда хизматлар учун янги бозорларни очиш масалаларига бағишланган ишчи сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш