Сибир пойтахтида ўзбек миллий чолғулари садолари янгради
Апрель 24, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 215НОВОСИБИРСК, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Россиянинг Новосибирск шаҳрида Ўзбекистон давлат филармонияси академик халқ чолғулари оркестрининг гастроль сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида ўзбекистонлик санъат вакиллари “Сибир торлари” VII халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва ансамбллари фестивали доирасида ўз ижод намуналарини намойиш қилди. Новосибирск давлат филармониясида бўлиб ўтган гала-концерт ўзбек миллий мусиқа санъатига бағишланди.
Тантанали кечада республика ва халқаро танловлар лауреатлари –Мафтунабону Маҳмуджонова (дутор), Нодиржон Абдуллажонов (чанг), Шоҳрух Абдуллаев (Қошқар рубоби), Қобил Пазлиддинов (ғижжак) яккахон чиқиш қилди. “Навбаҳор” рақс ансамблининг ранг-баранг ижролари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Дирижёр Шерзод Шавриков бошчилигидаги халқ чолғулари оркестрининг ижод намуналари йиғилганларга манзур бўлди. Дастурдан нафақат ўзбек миллий классик асарлари, балки Россия, Аргентина ва Япония композиторларининг машҳур куйлари ҳам ўрин олди.
Ўзбекистон делегацияси Новосибирскдаги ижодкорлар учун бир қатор маҳорат дарсларини ҳам ташкил этди. Унда ўзбек миллий чолғуларининг ўзига хос янграши, ижро этиш сирлари ҳамда миллий мусиқа мактаби тарихи ва анъаналари ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан ташкил этилган миллий кўргазма меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмада юртимиз тарихи, маданияти ва халқ ҳунармандчилиги дурдоналари намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





