Германия ва Ўзбекистон ўртасида дуал таълим тизимида муҳим ҳамкорлик келишувлари имзоланди
Июнь 16, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 24БЕРЛИН, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан икки давлат олий таълим тизимидаги ҳамкорликка бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбирда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, таълим грантлари бўйича жамғармалар ҳамда дуал таълим агентликлари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сираджев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация қатнашди.
Анҳалт Амалий фанлар университети раҳбарияти модераторлигида ўтган тадбирда Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов юртимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, таълим сифатини ошириш ва Германия тажрибаси асосида қўшма дастурларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистонда 50 минг нафар ёш дуал таълим йўналишида таҳсил олаётгани ва 2030 йилга бориб уларнинг сонини 200 мингга етказиш мақсад қилинганини маълум қилди. Вазирнинг қайд этишича, юртимизда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ немис корхоналарининг мавжудлиги ушбу тизимни муваффақиятли ривожлантириш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Давра суҳбати давомида Германиянинг Олий таълимни ўрганиш тадқиқот маркази (CHE), Саксония дуал амалий фанлар университети ҳамда Берлин ва Бранденбург федерал ўлкалари дуал таълим агентликлари раҳбарлари ўз тажрибалари ва муваффақиятли моделлари бўйича тақдимот ўтказди.
Давра суҳбати жараёнида қатор амалий натижаларга эришилди. Хусусан, Германия амалий фанлар университетлари консорциуми ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида юртимизда Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, олий таълим йўналишида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама меморандумлар расмийлаштирилди.
Профессор Маркус Краббес, Саксония дуал олий мактаби ректори:
– Олийгоҳимиз янги ташкил этилган бўлса-да, узоқ йиллик тажрибага эга. Дуал таълимда талабалар уч йиллик ўқиш давомида ўқиш даврининг ярмини корхоналарда, суғурта ташкилотлари ёки банкларда, қолган ярмини эса олий таълим муассасасида ўтказади.
Эндиликда Саксония дуал олий мактаби расман олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилгани боис, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имкониятига эгамиз. Албатта, мен бундай ҳамкорликни энг аввало Ўзбекистон билан йўлга қўйишни жуда хоҳлайман. Чунки Германияда мамлакатингизда таҳсил олишга қизиқадиган ёшлар жуда кўп.
Саксония тажрибасида дуал таълимнинг муҳим жиҳати шундаки, мен раҳбарлик қилаётган олийгоҳ бир жойда жойлашмаган, балки турли ҳудудларда ўз филиалларига эга ва у йирик университетлар бўлмаган ҳудудларда фаолият юритади. Бундай ўқув муассасалари ёшларни ўз ҳудудларида сақлаб қолади, уларни корхоналар билан боғлайди, корхоналарни эса илм-фан билан яқинлаштиради.
Франциска Куль, Бранденбург федерал ўлкаси дуал таълим агентлиги раҳбари:
– Аввало, Ўзбекистон элчихонасига таклиф учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Мен учун бу жуда қизиқарли ва мазмунли учрашув бўлди.
Ўзбекистондан келган олий таълим соҳаси раҳбарлари ва олий ўқув юртлари ректорлари билан танишиш менда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда дуал таълимга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётгани мени жуда қувонтирди.
Дуал таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик ва томонларнинг ўзаро тажриба алмашиши жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Биз бу ҳақда ҳам фикр алмашдик. Дуал таълим олий таълим муассасалари учун ёшларни амалиётга эрта жалб қилишнинг муҳим имкониятидир. Иш берувчилар учун эса бу ёшлар билан бошиданоқ ишлаш, уларни корхонага боғлаш ва кейинчалик ўқишни тамомлагандан сўнг доимий иш билан таъминлаш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




