Мадриддан муносабат: Чехия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади
Май 01, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 212
МАДРИД, 1 май. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Умумевропа Иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди:
– Чехия Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган пухта ўйланган ва изчил сиёсат туфайли мамлакат ташқи сиёсати янада очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўналтирилган тус олди. Бу Европа давлатлари, жумладан Чехия билан ҳамкорликни фаоллаштиришга ва уни аниқ иқтисодий ҳамда инвестициявий лойиҳалар билан бойитишга имкон берди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги ҳамкорлик нафақат мустаҳкам тарихий асосга, балки юқори даражадаги фаол сиёсий мулоқотга ҳам таянади. Мунтазам алоқалар ва ўзаро ташрифлар томонлар ўртасидаги ишонч юқори эканини ҳамда шерикликни ривожлантиришга бўлган интилишни кўрсатади.
Олий даражадаги музокаралар ва қўшма бизнес-форум ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. Қарийб еттита икки томонлама ҳужжат имзолангани эса томонлар қўшма лойиҳаларни амалий босқичга ўтказишга тайёр эканини тасдиқлайди.
Чехия бизнес доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани алоҳида қайд этиш лозим. Бу мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ.
Гуманитар ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора ривожланмоқда. Чехияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сонининг ортиши, илмий ва маданий алоқаларнинг кенгайиши икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг узоқ муддатли асосини мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, Андрей Бабишнинг ташрифи стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва икки мамлакат манфаатлари йўлида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги истиқболларни очиб беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси