Logo

“The Daily Mail” газетаси: Ўзбекистон сайёҳлар учун жозибадор йўналишга айланиб бормоқда

Май 01, 2026. 15:25 • 2 дақ

71
“The Daily Mail” газетаси: Ўзбекистон сайёҳлар учун жозибадор йўналишга айланиб бормоқда

ЛОНДОН, 1 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг етакчи “The Daily Mail” газетасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларига бағишланган материал эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон бой тарих ва маданий меросга эга бўлса-да, британиялик сайёҳлар учун ҳануз нисбатан кам ўрганилган йўналиш бўлиб қолмоқда.

Муаллиф Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган, беш минг йилдан зиёд тарихга эга қадимий шаҳар — Бухорони мамлакатнинг асосий гавҳарларидан бири сифатида тилга олган. Шаҳарнинг ихчам тарихий марказида кўплаб масжидлар, мадрасалар ва карвонсаройлар қад ростлаган.

Бухоро асрлар давомида юксалиш ва таназзул даврларини бошдан кечирган бўлса-да, ҳар сафар қайта тикланиб, минтақанинг энг муҳим ислом маданияти марказларидан бири сифатидаги мақомини сақлаб қолган.

Материалда британиялик тарихчи Беттани Хьюзнинг фикрлари ҳам келтирилган. У “Channel 4” телеканалидаги “Дунё хазиналари” дастурини суратга олиш жараёнида Ўзбекистонни тадқиқ қилиб, мамлакатнинг нафақат ноёб тарихий ва меъморий мероси, балки ўзбек халқига хос меҳмондўстликни ҳам алоҳида эътироф этган.

Замонавий Бухоро сайёҳларни нафақат меъморий ёдгорликлари, балки ўзига хос муҳити, анъанавий бозорлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва халқаро санъат фестиваллари каби маданий ташаббуслари билан ҳам ўзига жалб этмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси жадал ривожланаётгани, жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ўртасида қулай транспорт йўналишлари мавжудлиги, Хива ва Оролбўйи минтақасига саёҳат қилиш имкониятлари яратилгани ҳам қайд этилган.

“Бой тарихий мерос, миллий анъаналар ва саёҳат учун замонавий шароитларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон янги маданий кашфиётлар излаётган сайёҳлар учун тобора жозибадор йўналишга айланиб бормоқда”, дея хулоса қилинган “The Daily Mail” нашрида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш