Logo

Тожикистондан муносабат: Марказий Осиё давлатлари экологик масалаларни устувор йўналиш сифатида белгилаб, ҳамкорликни кучайтирмоқда

Апрель 25, 2026. 11:25 • 2 дақ

332
Тожикистондан муносабат: Марказий Осиё давлатлари экологик масалаларни устувор йўналиш сифатида белгилаб, ҳамкорликни кучайтирмоқда

ДУШАНБЕ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси ҳузуридаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Экологик муаммолар ва глобал иқлим ўзгариши бугунги кунда бутун дунё олдида турган энг жиддий чақириқлардан биридир. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча давлатларнинг ҳамкорлиги ва биргаликдаги ҳаракати зарур.

Ўзбекистон етакчисининг Остона шаҳрида экологик саммитдаги нутқини диққат билан тингладим. Президент Шавкат Мирзиёев глобал экологик ҳамжиҳатлик заифлашаётгани ҳақида жиддий ташвиш билдирган. Хусусан, иқлим ўзгаришига энг кам таъсир кўрсатган давлатлар ҳам унинг оғир оқибатларини ўз зиммасига олишга мажбур бўлаётгани қайд этган.

Мавжуд илмий маълумотларга кўра, Марказий Осиёда ҳарорат дунё ўртачасига нисбатан икки баробар тез кўтарилмоқда. Шу билан бирга, минтақадаги музликларнинг деярли учдан бир қисми эриб бўлган ва сув ресурслари танқислиги тобора кучаймоқда.

Шу шароитда Марказий Осиё давлатлари экологик масалаларни устувор йўналиш сифатида белгилаб, ҳамкорликни кучайтирмоқда. Ҳозирда “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби”, иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси ҳамда барқарор ривожланишга қаратилган экологик дастурлар амалга оширилмоқда. Остона саммитида эса “Марказий Осиёнинг экологик ҳамжиҳатлиги” декларацияси қабул қилинди.

Шунингдек ўқинг

Бу жараёнлар минтақа давлатлари ўртасида ягона қараш – “Барқарор келажакка умумий ёндашув” шаклланаётганини кўрсатади. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг бирдамлиги ва масъулияти ортиб бораётганидан далолатдир.

Алоҳида эътибор Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклифларга қаратилди. У жами саккизта амалий ташаббусни илгари сурди. Улар орасида энг муҳими – Марказий Осиё учун ягона инвестицион иқлим лойиҳалари портфелини яратиш ғоясидир.

Бу таклиф минтақа давлатларини алоҳида-алоҳида лойиҳалар эмас, балки ягона стратегия асосида ҳаракат қилишга ундайди. Бу эса халқаро ҳамкорларнинг ишончини оширади ва минтақанинг глобал майдондаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Умуман олганда, Марказий Осиёда экологик сиёсат янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кучаймоқда ва умумий мақсад – барқарор, яшил ва хавфсиз келажакни таъминлашга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш