Буюк Британиядан муносабат: Зоминда бўлиб ўтган бизнес-форум дунё ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга бўлган қатъий қизиқиш ифодасидир
Апрель 26, 2025. 12:31 • 2 дақ
• 100
ЛОНДОН, 26 апрель. /"Дунё" АА/. "Халқаро бизнес-форум Жиззах 2025" тадбирида иштирок этган Буюк Британия ишбилармон доиралари вакиллари "Дунё" АА учун интервьюсида мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

Санжар Мавлонов, "Moneff" компанияси асосчиси ва ижрочи директори:
– "Халқаро бизнес-форум Жиззах 2025" тадбирида иштирок этганим мен учун катта илҳом манбаи бўлди. Форумнинг Зомин каби гўзал ва тарихий ҳудудда ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат инвестицион муҳит, балки ҳудудларнинг салоҳиятини очиб беришга қаратилгани билан ҳам эътиборга моликдир.
Марказдан олис жойда бўлганлигига қарамасдан, тадбир юқори савияда ўтди. Бу учун ташкилотчиларга, жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Форумда 30 дан ортиқ мамлакатдан келган 300 дан ортиқ меҳмонларнинг иштирок этгани ҳам Ўзбекистонга бўлган халқаро ишончнинг ортиб бораётганидан дарак беради. Шунингдек, ушбу жиҳат дунё ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга бўлган қатъий қизиқиш ифодасидир.
Бу, шубҳасиз, дипломатик ваколатхоналар ва тегишли вазирликларнинг тарғибот фаолиятининг самарасидир.
Менимча, ҳудудларда мана шундай халқаро тадбирларни доимий равишда ўтказиб бориш керак. Бу нафақат вилоятлар ривожи, балки республика иқтисодиётини диверсификация қилиш, туризм ва саноат салоҳиятини тўлиқ очиб беришда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Дилшод Михманов, "Conspectus UK Limited" компанияси молиявий ишлар бўйича директори:
– Тадбирнинг ҳар бир жиҳати пухта ўйланган, меҳмонларга муносиб эҳтиром кўрсатилди, муҳит эса самимий ва конструктив руҳда кечди.
Зоминнинг халқаро мулоқот марказига айланганлиги, албатта, катта натижа. Бу ердаги инфратузилманинг ривожланганлиги, замонавий меҳмонхоналар ва мажмуалар, кўргазма заллари ва қулай логистика ечимлари – буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳудудларининг қандай иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини намоён этади.
Ташкилий томондан ташқари, форум мазмуний жиҳатдан ҳам самарали бўлди. Иштирокчилар тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар билан танишди. Махсус кўргазмалар, "B2B" форматдаги учрашувлар, инвестиция лойиҳаларининг тақдимотлари ташкил этилди.
Зоминдаги тадбирда Британия компаниялари ҳам фаол бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янада чуқурлашаётгани, айниқса молиявий соҳадаги истиқболлар, британиялик тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Компаниямиз ўтган 6 йил давомида Ўзбекистонда турли лойиҳалар амалга оширди. Бугунги кунда эса Қашқадарё вилоятида мини ГЭСни қуриш ва уни эксплуатацияга топшириш мақсад қилганмиз. Ишонаманки, бу каби форумлар келгусида ҳам халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, янги лойиҳаларга йўл очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот