Ўзбекистон дипломатлари Кувайтда ишлаётган ватандошлар билан учрашди
Апрель 22, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 109
АЛ-КУВАЙТ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Кувайт халқаро аэропортининг янги терминали қурилишида меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув доирасида “Limak İnşaat” компаниясининг бошқарув менежери Сонер Демирчи билан музокара ўтказилди. Суҳбат чоғида компания вакиллари ўзбекистонликларнинг касбий маҳорати ва ишга масъулият билан ёндашишини алоҳида қайд этиб, айнан уларнинг интизоми туфайли жамоада қулай иш муҳити шаклланганини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, ушбу қурилиш лойиҳасига Ўзбекистондан 300 нафарга яқин мутахассис жалб этилган. Ҳозирги кунга келиб уларнинг аксарияти меҳнат шартномаларини якунлаб, Ватанга қайтган. Шунингдек, бугунги кунда 70 нафарга яқин юртдошимиз пардозлаш, электр техникаси, сантехника ишлари, шиша конструкцияларни ўрнатиш ва бошқа йўналишларда фаолиятини давом эттирмоқда.
Учрашув давомида ватандошларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари ҳам ўрганилди ҳамда келиб тушган барча савол ва мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари ҳамюртларимизга минтақадаги жорий вазиятни инобатга олган ҳолда шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш, Кувайт қонунчилиги ва белгиланган қоидаларга амал қилиш зарурлиги юзасидан консуллик-ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида компания раҳбариятига ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондан малакали ишчи кучини тизимли жалб этишни йўлга қўйиш, ушбу йўналишда элчихона билан яқин ҳамкорликни давом эттириш таклиф қилинди. Кувайт томони янги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси